ТОШКЕНТ, 14 май – Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 14 май куни Миссисипи штати губернатори Филипп Брайант бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар қилди.
Ўзбекистонга келган АҚШ делегацияси Миссисипи штати администрацияси, етакчи ташкилотлари ҳамда савдо, инновациялар, саноат, қишлоқ хўжалиги ва таълим соҳаларидаги компаниялари вакилларидан иборат.
Учрашувда турли даражаларда алоқалар сезиларли фаоллашгани, ўзаро савдо ҳажми икки баробар ортгани, инвестициялар, аграр мажмуа, саноат, транспорт, туризм ва гуманитар алмашинув соҳаларида ҳамкорлик бўйича қўшма дастур ва лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилаётгани мамнуният билан қайд этилди.
Ўзбекистон билан Миссисипи штати ўртасидаги амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари батафсил кўриб чиқилди.
Қишлоқ хўжалиги, биотехнологиялар ва агрокимё, ўсимликшунослик, чорвачилик ва балиқчилик, тўқимачилик ва логистика соҳаларида, аввало, АҚШнинг илғор технология ва билимларини жорий этиш асосида замонавий кластерлар ва ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш орқали истиқболли лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.
Аниқ лойиҳа ва дастурларни тайёрлаш ва амалга ошириш бўйича икки томонлама комиссия фаолиятини йўлга қўйиш хусусида келишувга эришилди.
Шунингдек, жорий йил 16-17 май кунлари Навоий шаҳрида АҚШ ва Канаданинг 40 дан ортиқ компанияси иштирокида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон-АҚШ-Канада бизнес форуми ишбилармон доиралар ўртасида узоқ муддатли шериклик алоқаларини ўрнатишга хизмат қилиши қайд этилди.
АҚШ делегацияси аъзолари Ўзбекистонда сифат жиҳатидан янги босқичда амалга оширилаётган, барча соҳа ва йўналишларни қамраб олган ислоҳотларнинг натижадорлигига юксак баҳо берди. Идоралараро мулоқотларни фаоллаштириш ва қўшма ташаббусларни қўллаб-қувватлашга тайёрлик билдирилди.
Учрашув якунида томонларнинг Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари ўртасидаги дўстлик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, кенг кўламли ҳамкорликни кенгайтириш борасидаги интилиши қатъий экани таъкидланди.