Мирзиёев қурилиш материаллари нархини арзонлаштириш бўйича вазифаларни белгилаб берди

© Sputnik / Рамиз БахтияровСтроительство Tashkent City
Строительство Tashkent City - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Шавкат Мирзиёев қурилиш материаллари соҳасида ишлаб чиқаришни келгуси беш йилда камида икки баробар ошириш бўйича долзарб вазифаларни белгилаб берди.

ТОШКЕНТ, 14 май – Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 14 май куни қурилиш материаллари ишлаб чиқариш саноатини янада ривожлантириш бўйича устувор вазифаларга бағишланган йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар қилди.

Шавкат Мирзиёев во время посещения автовокзала Ташкент - Sputnik Ўзбекистон
Мирзиёев маҳаллий ва халқаро йўналишларда автобус йўл ҳақини арзон қилишни буюрди

Кейинги йилларда Ўзбекистонда бунёдкорлик кўлами янада кенгайиб, юзлаб уй-жойлар, йирик саноат корхоналари, маданият ва спорт масканлари, йўлу кўприклар барпо этилди. 

“Мамлакатимизда бунёдкорлик ишлари тобора ортиб бораётган бугунги кунда қурилиш материаллари иқтисодиётнинг етакчи тармоғига, ўсиш нуқталаридан бирига айланиши керак. Корхоналарда энергия самарадор технологияларни жорий этиш орқали табиий бойликларимизни тежаш, материаллар нархини тушириш мумкин”, – деди Шавкат Мирзиёев.  

Давлат раҳбари қурилиш материаллари соҳасида ишлаб чиқаришни келгуси беш йилда камида икки баробар ошириш бўйича долзарб вазифаларни белгилаб берди. 

Норуда конлар захираларини ошириш, саноат усулида қайта ишлашни кенгайтириб, қурилиш материаллари соҳасини диверсификация қилиш зарурлиги таъкидланди. 

Шавкат Мирзиёев  - Sputnik Ўзбекистон
Мирзиёев заргарлик тармоғини ривожлантириш бўйича муҳим вазифалар қўйди

Президент соҳа корхоналарини барқарор ва камхарж энергия билан таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратди. Кўмир ишлатиладиган биргина ғишт заводи мисолида маҳсулот нархини 50 фоизгача тушириш мумкинлигини кўрсатиб ўтди. Шу каби замонавий технологияларни қўллаш катта миқдорда табиий газни тежаш, маҳсулотларни арзонлаштиришга хизмат қилиши таъкидланди. Бу ҳам тадбиркорга, ҳам халққа, ҳам давлатга фойда келтиради. 

Шу боис қурилиш материаллари тармоғида энергия тежайдиган технологияларни жорий этиш орқали таннархни камайтириш бўйича топшириқлар берилди.

Мамлакат қурилиш материаллари саноатининг экспорт салоҳияти ҳам юқори. Лекин автотранспорт харажатларининг кўплиги уларнинг нархига таъсир кўрсатмоқда. Шу боис экспорт товарларини ташиш харажатларини субсидиялаш таклифи билдирилди. 

Жорий йилда Қорақалпоғистон Республикаси, Сурхондарё, Андижон ва Навоий вилоятларида ҳар бири 2 миллион тонна қувватга эга 4 та цемент корхонаси ишга туширилди.

Йил якунигача 3,5 миллион тонна қувватли янги заводлар фойдаланишга топширилиб, йиллик салоҳият 15 миллион тоннага етказилади. Бу цементга бўлган ички талабни таъминлаб, нархини арзонлаштириш имконини бериши қайд этилди. 

Шавкат Мирзиёев  - Sputnik Ўзбекистон
Мирзиёев: ҳамма иқтисодий соҳаларда асосий мезон – даромад

2019-2020 йилларда соҳада 17 триллион сўмлик мингдан зиёд лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Ушбу лойиҳалар учун тижорат банклари кредитини ажратиш ва хорижий инвестицияларни фаол жалб қилиш бўйича кўрсатмалар берилди. Шунингдек, паст рентабелли корхоналарни салоҳиятли инвесторларга сотиш масаласи ҳам кўриб чиқилди. 

Қурилиш материаллари саноатини янада ривожлантириш учун тажрибали мутахассислар керак. Лекин олий ўқув юртларидаги мавжуд ўринлар ишлаб чиқаришда ўсиб бораётган талабга мос эмас. Таълим жараёни амалиёт билан боғланмаган.

Шу боис йиғилишда соҳа ихтисосликларига бюджет квотасини ошириш, корхоналарда ўқув амалиётини ташкил этишни такомиллаштириш, хорижий компаниялар билан ҳамкорликда янги технологиялар бўйича малака ошириш марказларини ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берилди. 

Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар бўйича мутасаддилар ҳисобот берди.

Янгиликлар лентаси
0