ТОШКЕНТ, 10 май — Sputnik. Уруш бошлангани ҳақида 15 яшар Георгий илк бор ўзи таҳсил оладиган Янгийўл туманидаги мактабда хабар топган.
"Ўқиш тамом бўлаётганди... Синфимизга география фанидан даср берадиган ўқитувчимиз кириб, эрталаб уруш бошлангани ҳақида айтган", — дея эсга олади ветеран.
Георгий Фёдоровичнинг сўзларига кўра, бу хабарни ўқувчилар ҳотиржам кутиб олганлар, улар мамлакат бу урушда албатта ғалаба қозонишига амин эди. Ва шундай бўлди ҳам.
Улуғ Ватан уруши йилларида Любимов Тинч океани Ҳарбий-денгиз флотида хизмат қилган, Узоқ Шарқдаги радиостанцияда радист бўлган. Алоқа мактабини тамомлаган, радиостанция раҳбари бўлган. Урушда қатнашгани учун Улуғ Ватан уруши ордени, "Япония устидан қозонилган ғалаба" медали ва бошқа медаллар ҳамда мукофотларга эга.
"Мен учун энг қимматли ва азиз бўлган мукофот - бу менинг Улуғ Ватан уруши фахрийси эканлигимни тасдиқловчи ордендир. Бундан аълороқ ва қимматлироқ мукофот йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас", - деб таъкидлади Георгий Федорович.
"Ўлмас полк" ҳақида гапирар экан, ветеран бу "ажойиб, жуда яхши ва бетакрор жамоатчилик акцияси" эканлигини қайд этди.
"Бундай полк яратилгани жуда яхши", - деди Георгий Любимов.
Ветеран ўсиб келаётган ёш авлодга энг илик тилакларини изҳор этди ва йигит-қизларни "муносиб авлод бўлишга", "қаддиларини доимо баланд тутишга" ҳам жисмонан, ҳам маънан ривожланиб бораверишдан тўхтамасликка чақирди. "Ёшлар замонавий ҳарбий техникани синчковлик билан пухта ўрганишлари ва ватан мустақиллиги ва эрки учун курашда олд қаторларда бўлишлари лозим. Ўлкамиз бениҳоя улкан, Ўзбекистон - буюк давлат, биз бу ерда ҳаёт кечираётганимиздан жуда хурсандмиз, ватанимиз кундан-кунга гуллаб-яшнамоқда. Мен Ўзбекистонда 93 йилдан буён яшаб келаман ва бу ерда ҳамма нарса ажойиб", - деди ветеран.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил март ойи бошида Тошкент шаҳри Яшнобод туманида "Ғолиблар" лойиҳаси йўлга қўйилган бўлиб, унинг мақсади - пойтахт аҳолисига уларнинг маҳаллаларида ҳам Улуғ Ватан уруши иштирокчилари яшашини кўрсатишдан иборат. Ушбу акция Георгий Любимов сурати пайдо бўлган "Тўйтепа" маҳалласидан бошланган эди.