ТОШКЕНТ, 6 май – Sputnik. Хотин-қизлар қўмитаси томонидан “Аёлларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида” қонун лойиҳаси тайёрланди.
Лойиҳада айтилишича, қонун Ўзбекистон Республикаси фуқароларига, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида яшовчи чет эл фуқароларига ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга татбиқ этилади. Қонун мақсадлари учун 18 ёшга тўлмаган аёл жинсига мансуб шахслар ҳам аёл деб эътироф этилади.
Қонун лойиҳасида Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, ички ишлар, меҳнат, таълим, соғлиқни сақлаш, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда Хотин-қизлар қўмитасининг аёлларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатлари белгиланган.
Масалан, Ички ишлар органларининг ваколатларидан бири сифатида - 18 ёшга тўлмаган аёл жинсига мансуб шахслар тарбияси билан шуғулланмайдиган ва уларга тазйиқ ўтказадиган ҳамда зўравонлик содир этадиган ота-оналарни ёки уларнинг ўрнини босадиган шахсларни ота-оналар ҳуқуқларидан маҳрум қилиш тўғрисида васийлик ва ҳомийлик органларига тақдимнома киритиш ваколати қайд этилган.
“Аёлларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олишга доир якка тартибдаги чора-тадбирлар турларига қуйидагилар киради:
- профилактик суҳбат ўтказиш;
- ҳимоя ордерини бериш;
- тазйиқ ва зўравонлик қурбонларига ёрдам кўрсатиш бўйича махсус марказларга жойлаштириш.
Тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олишга доир якка тартибдаги чора-тадбирлар қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа чора-тадбирларни ҳам ўз ичига олиши мумкин”, - дейилган ҳужжат лойиҳасида.
Қонун лойиҳасида қайд этилишича, зўравонлик ҳолати мавжуд бўлганда ва бошпана бериш талаб қилинганда аёлларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатли органлар қурбонларнинг махсус марказларига ўтказилишини таъминлайди.
Қурбон махсус марказга 30 кунгача бўлган муддатга ўтказилади. Зарурат бўлган ҳолда бу муддат махсус марказнинг уставида белгиланган тартибда узайтирилади, бундан қурбон махсус марказда юқорида кўрсатилган муддатдан узоқ бўлишни хоҳламаган ҳоллар мустасно. Махсус марказга жойлаштириш муддати тугагач, қурбонга хавф солинаётган бўлса, махсус марказ маъмурияти бу ҳақда бунга эътибор қаратиш учун ҳуқуқни ҳимоя қилиш органларига хабар қилиши шарт.
Қурбон махсус марказга жойлаштирилганда унинг иш жойи ва ўртача ойлик иш ҳақи сақлаб қолинади.