ТОШКЕНТ, 26 апр – Sputnik, Алексей Долгин. Ўзбекистон “Бир макон, бир йўл” лойиҳасини ривожлантиришни биринчилардан бўлиб қўллаб-қувватлаганлардан биридир. Хитойнинг технологиялари ва имкониятлари мамлакатга янги бозорларга чиқишга ҳамда миллий иқтисодиётини ривожлантириш учун инвестицияларни жалб қилишга ёрдам беради.
Хитой ташаббуси
2013 йил сентябрь ойида Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпин “Ипак йўлининг иқтисодий камари” ва “XXI аср денгиз ипак йўли”ни қуриш ташаббусини илгари сурди. Бирлаштирилган лойиҳа “Бир йўл, бир макон” номини олди. Ушбу лойиҳа Хитойнинг ҳозирги ташқи иқтисодий ва ташқи сиёсий асосий йўналишларидан бири саналади.
Лойиҳа мақсади мавжуд бўлган савдо йўлларини ривожлантириш ва янги савдо йўлларини ташкил этиш ҳамда Хитойни Марказий Осиё, Европа ва Африка мамлакатлари билан боғловчи транспорт ва иқтисодий йўлакларини ривожлантиришдан иборатдир. Иқтисоддан ташқари маиший ободонлаштириш, қашшоқликка қарши курашиш ва соғлиқни сақлаш тизимини мустаҳкамлаш бўйича юзлаб дастурларни амалга ошириш режалаштирилмоқда.
“Бир макон, бир йўл” ташаббуси ғояси Хитойга тегишли бўлиши мумкин, бироқ унинг имкониятлари ва натижалари бутун дунёга фойда келтиради. Хитой ҳеч қандай кичик гиёсиёсий ҳисоблар қилмайди, ҳеч қандай ёпиқ фракциялар тузмайди, ўзини бошқалардан устун қўймайди ва ҳеч кимга ҳеч қандай битимни зўрлаб ўтказмайди”, - деди ХХР раҳбари.
2017 йил май ойида Пекин шаҳрида “Бир макон, бир йўл” биринчи халқаро ҳамкорлик форуми муваффақиятли бўлиб ўтди. Тадбирда 140 тадан зиёд мамлакат ва 80 та халқаро ташкилотлар иштирок этди. Иккинчи форум бугун ўз фаолиятини бошлади ва 27 апрелга қадар давом этади.
Тадбир иштирокчилари иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш, узоқ муддатли ўсишнинг янги манбалари, “яшил” иқтисод ва инновацияларни ривожлантириш ҳамда инфратузилмали лойиҳаларни амалга оширишни муҳокама қилишади. Халқаро савдо ва инвестиция алоқаларини мустаҳкамлаш, янги транспорт ва логистика йўлаклари яратилишини рағбатлантириш бўйича амалга ошириладиган лойиҳалар хусусида сўз боради.
Ўтган сўнгги йилларда ташаббус халқаро бирлашмалар диққатини ўзига қаратди, унинг асосий ғоялари эса БМТ, “Катта йигирматалик”, Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги ва бошқа минтақавий ташкилотларнинг ҳужжатларига киритилган. Бугунги кунга келиб ҳамкорлик тўғрисидаги битимни 125 та мамлакат ва 29 та халқаро ташкилотлар имзолаган.
Ўзбекистон манфаатлари
Ҳозирда Ўзбекистон ва ХХР турли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳамкорликни фаол йўлга қўйишмоқда. Ушбу форумда иштирок этиш мамлакатни инвесторлар кўз ўнгида жозибали қилиб қилиб кўрсатади. Инвесторларни жалб қилиш 2017—2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг Ҳаракатлар стратегиясинининг устувор вазифаларидан бири сифатида белгиланган. “Бир макон, бир йўл” Ўзбекистонга тўғридан-тўғри инвестиция манбаларини диверсифакация қилиш ҳамда янги транспорт йўлаклари туфайли минтақа бозорларига чиқишини орттиришга имкон беради.
Ташаббус доирасида Хитой ва Ўзбекистон аллақачон Қозоғистон ва Қирғизистон билан халқаро автомобиль ташиш битимларини имзолашган. Ўтган йил февраль ойида Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон автомобиль йўли доимий равишда ишга туширилган.
Шу билан бир қаторда, худди шу қатнов йўли бўйлаб темир йўл қуриш ишлари жадал олиб борилмоқда. У ишга туширилиши билан Хитой ва Марказий Осиё мамлакатлари Форс кўрфазининг Эрон портларига чиқиш имконига эга бўлишади. Бундан ташқари, темир йўл йўлаклари “Бир макон, бир йўл” мамлакатларига юкларни транспорт воситасида ташиш харажатларини қисқартириш ва тежаб қолинган маблағларни иқтисодиётни модернизация қилиш ва ривожлантириш учун сарфлашга имкон беради.
Шунингдек, мамлакат раҳбарияти туристларни жалб қилишга умид қилмоқда. Қайта тикланаётган Буюк Ипак йўлида минг йиллик тарих ва маданиятга эга бўлган Самарқанд, Бухоро, Хива шаҳарлари жойлашган.
Хитой-Ўзбекистон-Россия
“Ипак йўлининг иқтисодий камари”ни муваффақиятли қуриш учун ШҲТ мамлакатларининг геосиёсий ва геостратегик жойлашгани муҳим ўрин тутади, деб ҳисоблайди ташкилотнинг собиқ раҳбари Рашид Алимов.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ўзининг икки йирик савдо-иқтисодий шериклари Хитой ва Россия билан бирга ШҲТ аъзосидир.
ХХР “Макон ва йўл”ни ЕОИИ билан боғлашда ШҲТга муҳим роль ажратади. ЕОИИга Ўзбекистоннинг Россиядан ташқари Қозоғистон ва Қирғизистон каби шериклари аъзо бўлган. Қатор мутахассислар фикрига кўра, ИЙИК ва ЕОИИ боғланиши АҚШ ва унинг шерикларисиз “Евроосиё дунёси”ни ташкил этишга имкон беради.
“Бу фойдали, муҳим ва истиқболли ташаббус деб ҳисоблаймиз. Шу билан бирга у бизнинг Евроосиё иқтисодий иттифоқини тузишдаги саъй-ҳаракатларимизга мос келади”, - деб ишонади Владимир Путин.
“Бир макон, бир йўл”да Россиянинг иштирок этиши Ўзбекистонга шуниси билан фойдалики, у Хитойнинг иқтисодий устунлигини пасайтиришга имкон беради, Россиянинг ўзи учун эса Марказий Осиёдаги позицияларини сақлашга имкон беради. Умуман олганда, Россия фикрига кўра, лойиҳа доирасида инвестицияларни жалб қилиш ЕОИИ ривожланишига туртки бўлади ва ШҲТга аъзо мамлакатларнинг иқтисодиётини фаоллаштиради.