ТОШКЕНТ, 26 апр – Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Пекинда Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши Доимий қўмитаси раиси Ли Чжаньшу билан учрашди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар қилди.
Хабарда ёзилиича, Мирзиёев "Бир макон, бир йўл" иккинчи халқаро форумининг ўтказилиши ҳамда унинг доирасида ХХР раиси Си Цзиньпин илгари сурган ташаббусларнинг амалга оширилиши халқаро ва минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришга, кенг минтақада дўстлик, яхши қўшничилик ва ўзаро англашувни мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлаган.
Ли Чжаньшу мамлакатлар икки томонлама муносабатларда эришган юксак даражани катта мамнуният билан қайд этган.
Кейинги йилларда мамлакатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий, маданий-гуманитар ва кўплаб бошқа соҳалардаги алоқалар янада фаоллашгани алоҳида таъкидланди. Ўзбекистон ва Хитойнинг қонун чиқарувчи органлари ўртасида ҳамкорлик борасида ижобий тажриба тўпланган. Парламент делегацияларининг учрашувлари мунтазам ўтказилиб, бу борадаги шериклик изчил ривожланиб бормоқда.
Таъкидланишича, учрашувда олий даражада эришилган келишувлар ижроси устидан парламент назоратини кучайтириш масалалари кўриб чиқилди. Бундан ташқари, парламентлараро мулоқот мамлакатлар ҳамкорлигини амалий мазмун билан бойитиш, янги дастур ва лойиҳаларни илгари суришга хизмат қилиши қайд этилган.
Ли Чжаньшу мамлакатда янги босқичда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни, уларнинг реал натижалари ва самарадорлигини юксак баҳолаган.
“Унинг фикрича, Ўзбекистон Президентининг сиёсати ва ислоҳотлари ўзининг миқёси ва мақсадларига кўра давлатимиз раҳбарини Хитойнинг буюк ислоҳотчиси Дэн Сяопинь билан таққослашга тўлиқ асос бўлади”, - дейилади хабарда.
Хабарда учрашув якунида парламентлараро алоқаларни фаоллаштириш ҳамда самарали ислоҳот ва янгиланишларни амалга ошириш борасидаги тажрибани чуқур ўрганиш мақсадида қўшма тадбирлар ўтказишга келишиб олингани қўшимча қилинган.