ТОШКЕНТ, 19 апр – Sputnik. Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасида икки томонлама ҳужжатларни имзолаш маросими якунида Корея президенти Мун Чже Ин нутқ сўзлади. Бу ҳақда Sputnik Ўзбекистон мухбири хабар қилди.
Корея президенти ўз сўзида биринчи навбатда икки давлат ўртасида маданий алоқаларни кенгайтириш, хусусан Ўзбекистон маданий мероси бўлган Афросиёб чизмаларини сақлаб қолиш борасида ҳамкорлик қилишга келишиб олганлигини таъкидлаб ўтди.
Иккинчидан, ҳамкорликнинг аниқ ва самарали лойиҳаларни доимий қидиришни давом этишга келишиб олинди.
"Ўтган йили мамлакатлар ўртасида ташқи савдо айлануви максимал даражага етди. Биз ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида қонунчилик ва тизимни яхшилашга келишиб олдик. Биринчи қадам сифатида инвестицион кафолатлар ҳақида битимга ўзгартиришлар киритдик. Умид қиламанки, икки давлат компанияларига барқарор фаолият юритиши учун жуда фойдали бўлади", - деб таъкидлади Мун Чже Ин.
Корея президенти сўзларига кўра, эркин савдо битимини тузиш борасида қўшма тадқиқот ўтказиш, янги соҳалар, хусусан замонавий ахборот технологиялар, 5 G, сунъий ақл-идрок, соғлиқни сақлаш соҳаларда ҳамкорликни мустаҳкамлашга келишилди.
Томонлар соғлиқни сақлаш соҳасида ўзбек-корейс ҳамкорлик марказини очишга келишди.
Корея президенти ўз нутқида, учинчи масала сифатида тинчлик ва барқарорликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратди.
"Корея ярим оролида ва Марказий Осиёда, умуман Евроосиёда тинчлик ва фаровонликни таъминлаш борасида яқиндан ҳамкорлик қилишга келишиб олдик. Жаноб президент Шавкат Мирзиёев Корея ярим оролида ядро қуроли захираларини қисқартириш ва доимий тинчлик ўрнатиш борасидаги саъй-ҳаракатларимизни фаол равишда қўллаб-қувватлайди, шунингдек, Марказий Осиёда минтақасида тинчликни таъминлаш борасида етакчи роль ўйнайди", - деб таъкидлади Мун Чже Ин.
Корея президенти Евроосиёда тинчлик ва фаровонликка эришиш мақсадида Марказий Осиё минтақавий ҳамкорлик стратегиясини "Янги шимолий сиёсат" билан ривожлантирилиши ҳақида таъкидлаб ўтди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Корея Республика президент Мун Чжэ Ин томонидан Ўзбекистон Республикаси билан Корея Республика ўртасида алоҳида стратегик шериклик тўғрисида қўшма декларация имзоланди.
Бундан ташқари, мазкур ташриф доирасида мактабгача таълим, меҳнат ва бандлик, адлия, қишлоқ хўжалиги, капитал бозорни ривожлантириш, кичик ва ўрта бизнес, ўсимликлар карантини соҳаларида, шунингдек, икки мамлакат савдо ва саноат палаталари қатор икки томонлама ҳужжатлар имзоланди.