ТОШКЕНТ, 18 апр - Sputnik. Ўзбекистоннинг энг катта автомобиль йўли ёпилди, деб хабар қилди ЎзА ахборот агентлиги.
"Айни пайтда Тошкент шаҳри ва республикамизнинг 8 вилоятини ҳамда Қорақалпоғистон Республикасини боғловчи "Олмаота – Бишкек – Тошкент – Термиз" автомобиль йўли 865-километрининг Тошкент вилояти Чиноз тумани ҳудудида жойлашган Яллама кўпригида қурилиш ишлари олиб борилмоқда.
Шу сабабли республикамизнинг бошқа вилоятларидан Тошкент шаҳрига келаётган автомобиллар тирбандлиги юзага келмоқда", - дейилади хабарда.
Тошкент вилояти ЙҲХБ хабарига кўра, "Олмаота – Бишкек–Тошкент – Термиз" автомобиль йўлининг 871-километрида жойлашган иккинчи даражали йўл орқали "Тошкент – Душанбе" йўлига ўтиб Тошкент шаҳрига етиб олиш мумкин.
Тошкент вилояти ЙҲХБ ҳайдовчилардан вақтинчалик ноқулайликлар учун узр сўраган.