ТОШКЕНТ, 12 сен - Sputnik. Ўзбекистонда илк пулли автомобиль трассаси Тошкент ва Самарқанд ўртасида қурилиши мумкин, деб хабар қилди Спутник Ўзбекистон мухбири.
8 сентябр куни Ўзбекистон давлат инвестиция қўмитасида қўмита раисининг биринчи ўринбосари Лазиз Қудратов бошчилигида "Cengiz – Kolin — Kalyon" компаниялар консорциуми билан биринчи ишчи учрашув бўлиб ўтган.
Учрашувда давлат-шерикчилик асосида Тошкент - Самарқанд маршрути бўйича йўл қурилиши лойиҳасини ҳаётга татбиқ этиш бўйича масалалар муҳокама қилинган.
Турк пудратчилари томонидан қайд этилишича, ушбу лойиҳа амалга оширилса Тошкентдан Самарқандгача бўлган масофани 2 соат ичида босиб ўтиш мумкин бўлади.
Қурилиш ишларини 2019—2020 йилларда амалга ошириш режалаштирилган.
"Cengiz – Kolin — Kalyon" консорциуми 40 йилдан ортиқ тарихга эга Туркиядаги энг йирик компаниялардан биридир. CKK саноатнинг турли соҳаларида стратегик лойиҳаларни амалга оширади ва Туркия тараққиётида етакчи ўринни эгаллайди.