ТОШКЕНТ, 15 апр – Sputnik. Кўксарой резиденциясида Ўзбекистон ва Қозоғистон президентларининг тор ва кенг доирадаги учрашувлари бўлиб ўтди.
Шавкат Мирзиёев Қосим-Жомарт Тоқаевни ташрифи билан қутлаб, давлатлар орасида ҳамкорлик изчил ривожланаётганини таъкидлади.
– Қозоғистон Республикаси Президенти сифатида илк давлат ташрифингизни Ўзбекистонга амалга оширганингизни юқори баҳолаймиз. Буни мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шерикликни янада мустаҳкамлашга қатъий интилиш ифодаси деб биламиз. Қозоғистон биз учун яқин қўшни, стратегик шерик. Ҳамкорлигимизнинг барча йўналишлари бўйича ижобий динамикага эришилаётганидан мамнунмиз, – деди Шавкат Мирзиёев.
Қозоғистон Президенти Ўзбекистонга таклиф учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдириб, музокаралар самарали ўтишига ишонишини қайд этди.
– Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик сифати ва амалий мазмуни ҳақидаги гапларингизга тўла қўшиламан. Сиз, ҳурматли Шавкат Миромонович, ва Қозоғистоннинг Биринчи Президенти Нурсултон Назарбоев давлатлараро муносабатларни юқори босқичга олиб чиқдингиз. Бу суръатни сақлаб қолишни ўзимнинг асосий вазифам деб биламан. Қозоғистонда қардош Ўзбекистон билан алоқаларга талаб жуда катта, – деди Қосим-Жомарт Тоқаев.
Учрашувда мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, савдо, транспорт, саноат кооперацияси, туризм ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди, томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Ўзбекистон ва Қозоғистон БМТ, ШҲТ, МДҲ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси каби халқаро тузилмалар доирасида самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда.
Минтақада тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш, Афғонистондаги вазиятни тинч йўл билан ҳал этишга кўмаклашиш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.
Мулоқотда минтақавий ва халқаро масалалар бўйича томонларнинг позициялари мос ёки яқин экани яна бир бор ўз тасдиғини топди.