ТОШКЕНТ, 12 апр – Sputnik. “Ўзбекэнерго”да ҳафтанинг ҳар чоршанба куни “инвестиция куни” деб эълон қилинди.
“Электр энергияси соҳасида чет эллик инвесторларни ҳамкорлик шартлари билан яқиндан таништириш, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш борасида ишларни мувофиқлаштириш, инвестицияларни жалб қилишни фаоллаштириш, салоҳиятли инвесторларни аниқлаш ва мавжуд муаммоларни ҳал қилиш мақсадида “Ўзбекэнерго”АЖда ҳафтанинг ҳар чоршанба куни “Инвестиция куни” деб эълон қилинди,” – дейди “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамияти Бошкаруви раиси ўринбосари Жамшид Абдусаломов.
“Ўзбекэнерго” вакилининг сўзларига кўра, ҳафтанинг ҳар чоршанба кунида жамият раҳбарияти электр энергияси соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга оширишдан манфаатдор бўлган инвесторлар билан шахсан учрашишга, соҳага йўналтирилаётган капитал қўйилмаларнинг афзалликлари ҳақида батафсил маълумот берилади.
Эслатиб ўтамиз, март ойи якунида президент қарори билан “Ўзбекэнерго” учта ташкилотга бўлинди.
"Ўзбекэнерго" самарадорлигини ошириш мақсадида электр энергиясини ишлаб чиқарувчи, етказиб берувчи ва жойларда тақсимловчи алоҳида корхоналарга бўлинди.
“Ўзбекэнерго” АЖ ва унинг таркибига кирувчи ташкилотларнинг соҳага оид бўлмаган ва фойдаланилмаётган активлари ва улушлари 2019—2021 йиллар давомида белгиланган тартибда сотиш мақсадида баланс қиймати бўйича Давлат активларини бошқариш агентлигига берилади.