ТОШКЕНТ, 9 апр – Sputnik. “Бизнес-акселератор ўқув-амалий маркази фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги ҳукумат қарори лойиҳаси тайёрланди.
Қарор лойиҳасида Инновацион ривожланиш вазирлиги, Савдо-саноат палатаси ва Сирдарё вилоят ҳокимлигининг Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ишланмаларни жорий этиш илмий-амалий маркази қошида давлат муассасаси шаклидаги мактабгача ёшдаги болалар инновацион технопаркини ўз ичига олган “Бизнес-акселератор” ўқув-амалий марказини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
Ҳужжатда айтилишича, Марказнинг асосий вазифалари:
- юқори малакали мутахассисларни жалб қилган ҳолда бозор иқтисодиёти тамойилларига мос келувчи ўқув курсларини ташкил этиш;
- мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари учун Болалар инновацион технопаркини ташкил қилиш ва фаолиятини таъминлаш;
- Сирдарё вилоятида кичик ишлаб чиқариш тадбиркорлик субъектларини ташкил этишга кўмаклашиш ва маркетинг соҳасида билим бериш;
- ёшларда тадбиркорликка бўлган қизиқишни уйғотиш, бизнесни юритиш қоидаларини ўргатиш ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан ишлаш бўйича амалий кўникмаларни шакллантириш;
- қулай муҳитда ёш тадбиркорларнинг бизнесини йўлга қўйиш орқали қўшимча иш ўринларини яратишга кўмаклашиш;
- замонавий ахборот ва инновацион педагогик технологиялардан кенг фойдаланган ҳолда ўқитишни ташкил этиш;
- ўқув курсларини тамомлаган ёшларга тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун инвесторларни топишга кўмаклашиш;
- замонавий билимлар асосида ўсиб келаётган ёш авлодда футуристик дунё қарашни шакллантириш.
Қарор лойиҳасида қайд этилишича, марказни жойлаштириш ва фаолиятини ташкил этиш учун Сирдарё вилояти, Сирдарё шаҳри, Ўзбекистон кўчаси, 86-уйда жойлашган Педагогика коллежига қарашли бўлган талабалар ётоқхонаси бинолари Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ишланмаларни жорий этиш илмий-амалий Марказга оператив бошқарув ҳуқуқи билан бепул берилади.