ТОШКЕНТ, 7 апр – Sputnik. Шайхонтоҳур тумани давлат солиқ инспекцияси ходимлари ишдан бўшатилмади, деб хабар қилди Давлат Солиқ қўмитаси.
Бироз олдин ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани солиқ инспекциясининг шахсий таркиби ёппасига ишдан бўшатилгани ҳақидаги хабарлар пайдо бўлган эди. ДСҚ матбуот хизмати ушбу хабарларни рад этди ва қуйидагиларни маълум қилди.
“Айни пайтда фақатгина Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани давлат солиқ инспекцияси раҳбари лавозимидан озод этилган. Бошқа ходимларни ишдан бўшатиш тўғрисида ҳеч қандай буйруқ қабул қилинмаган”, - дейилган хабарда.
Бугунги кунда махсус ишчи комиссия Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани давлат солиқ инспекцияси ходимларининг лавозимга лаёқатлилигини ўрганмоқда. Ўрганиш натижаларига кўра, батафсил ахборот берилади, - дейилган Солиқ инспекцияси хабарида.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев томонидан 4 апрель куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида Тошкент шаҳридаги қатор туманлар давлат солиқ инспекциялари шахсий таркибини янгилаш ҳақида топшириқ берган эди.
Ушбу ҳолат юзасидан, Давлат солиқ қўмитаси навбатдан ташқари йиғилиш ўтказиб, Миробод, Мирзо Улуғбек, Учтепа, Сергели, Юнусобод, Бектемир ва Шайхонтоҳур туманлари инспекциялари бошлиқларининг ўз лавозимидан озод этилгани тўғрисидаги Давлат солиқ қўмитасининг буйруғи эълон қилинди.
Ундан ташқари Тошкент шаҳри давлат солиқ хизмати органларининг шахсий таркиби фаолиятини зудлик билан кўриб чиқиш, уларнинг лавозимга лаёқатлилигини баҳолаш бўйича махсус ишчи комиссияси тузилган. Ушбу ишчи комиссия зиммасига замонавий дунёқарашга эга, ўз ишига масъулиятли ёш мутахассисларни жалб қилиш вазифаси қўйилди.