ТОШКЕНТ, 26 мар — Sputnik. Иш берувчилар Ўзбекистонга хориждан ишчи кучини бир йиллик рухсатнома олиб жалб этиши мумкин. Чет эл фуқаролари эса Ўзбекистон ҳудудида тасдиқнома олган ҳолда меҳнат қилади. Бу Ҳукуматнинг “Ўзбекистон Республикасига хорижий ишчи кучини жалб қилиш ва ундан фойдаланиш тартиби тўғрисида”ги қарорида келтирилган.
Қарорда ёзилишича, рухсатнома ва тасдиқнома олиш учун иш берувчи Давлат хизматлари марказига ўзи келиб мурожаат этади ёки электрон рухсатнома учун Ягона интерактив давлат хизматлари порталида ёки рухсатнома бериш учун мўлжалланган махсус онлайн-майдончада рўйхатдан ўтади.
Рухсатнома олиш учун электрон сўровнома тўлдирилади ҳамда унга иш берувчининг паспорт нусхаси илова қилинади ва электрон рақамли имзо билан тасдиқлайди. Аризани кўриб чиққанлик учун энг кам ойлик иш ҳақининг бир баравари (202 минг 730 сўм) миқдорида йиғим ундирилади.
Ўзи келиб мурожаат этилганда Давлат хизматлари маркази бир соатда аризани Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига юборади. Агентлик 5 иш кунида рухсатнома бериш тўғрисида қарор қабул қилади ва иш берувчини хабардор қилади.
“Рухсатномани олиш учун иш берувчи беш иш кунида энг кам ойлик иш ҳақининг 50 баравари миқдорида (10 млн 130 минг 500 сўм) йиғимни тўлаши лозим”, - дейилади қарор матнида.
Агентлик йиғим ундирилганидан сўнг бир иш кунида рухсатномани расмийлаштиради ва уни иш берувчига юборади. Агентлик ўн беш иш кунида тасдиқнома бериш ёки рад этиш ҳақида қарор қабул қилади.
Иш берувчи тасдиқномани олиш учун 5 иш кунида қуйидаги миқдорларда тўлов тўлайди:
- ватандошлар учун, юқори малакали ва малакали мутахассислар, Президент мактаблари ва олий ўқув юртларида ишлаш учун жалб этилаётган ўқитувчилар ва мутахассислар учун – энг кам иш ҳақининг 2 баравари (405 минг 460 сўм) миқдорида;
- бошқа чет эл фуқаролари учун – энг кам иш ҳақининг ўттиз баравари (6 млн 81 минг сўм) миқдорида.
Тўлов тўланганидан сўнг бир иш кунида тасдиқнома расмийлаштирилади ва иш берувчига юборилади.