ТОШКЕНТ, 25 мар – Sputnik. Бир йил олдин бутун Ўзбекистонни ларзага солган ушбу воқеа барчанинг эсида бўлса керак. 9 ойлик чақалоқ Азизбек Абдумажидовнинг танасида 16та игна топилган ва бир неча операция билан унинг ҳаётини сақлаб қолишган эди.
“Халқ сўзи ONLINE” мухбирлари ушбу оилада бўлиб уларнинг яшаш аҳволи билан танишишди.
Азизбек яқинда 2 ёшга тўлди, у ҳозир ўзини яхши ҳис қилмоқда, деб ёзади нашр. Ўтган йил сентябрда ота-онаси Азизбекни Тошкенга олиб бориб шифокор кўригидан ўтказишган. Ўшанда шифокорлар Азизбекнинг соғлиғи яхши эканлигини қайд этишган ва 6 ойдан сўнг яна олиб келишни тайинлашган.
Азизбекнинг отаси Алижон Худойбердиев ушбу воқеадан сўнг узоқ юртларга бормай оиласи билан бирга яшашга қарор қилган. Улар яқинда янги ҳовлига кўчиб ўтишган. Фотосуратлардан кўриш мумкинки янги ҳовлида ҳали барча шароит ва қулайликлар мавжуд эмас.
Оила бошлиғи айтишига қараганда, ҳозир унинг доимий ишхонаси йўқ, кунлик ёлланма иш билан оиласни зўрға тебратмоқда. Яқинда Азизбекни яна Тошкентга олиб бориш керак.
“Телевизорда кўрсатишяпти, томорқадан унумли фойдаланиш учун шароити бўлмаган шахсларга давлат, банк ва яна айрим ташкилотлар ҳар томонлама ёрдам беришаркан. Тўғриси, шундан умидимиз бор. Туман ҳокимлиги ёки мутасадди ташкилотлар бизнинг оёққа туриб олишимиз ва томорқамиздан унумли фойдаланишимизга биринчи кўмакни кўрсатишса, у ёғига эру хотин эплаб кетардик. Фақат бошланишига қўлимиз калталик қиляпти-да...”, - дейди Алижон.
Хуллас, ушбу оила бугун яна ёрдамга муҳтож...