ТОШКЕНТ, 7 мар - Sputnik. Россия Ўзбекистондан 200 минг тонна шакар етказиб бериш учун квота сўрамоқда. Бу ҳақида РИА Новости Ўзбекистон қишлоқ хўжалик вазири Жамшид Хўжаевга асосан хабар қилди.
“Пайшанба куни Тошкентда Россия ва Ўзбекистон ҳукуматлараро комиссиялари вакиллари иштирокида бўлиб ўтган учрашувда Россия томон Ўзбекистонга 200 минг тонна шакар етказиб бериш учун квота сўради”, - деди Хўжаев учрашувдан сўнг.
Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири айтишига қараганда, 2018 йилда Россия компаниялари Ўзбекистонга 193 минг тонна шакар етказиб берган. Бу йил эса Россиядан шакар сотиб олиш тўхтатилди ва Эрон, Покистон, Украина ва Беларусдан шакар сотиб олиш ҳажми эса - ошган.
“Олдин Россия Ўзбекистонга жуда кўп шакар етказиб берар эди, лекин ҳозир рақобат кучайган, нархларни бозорнинг ўзи белгиламоқда”, - дейди вазир.
Хўжаев айтишига қараганда, Ўзбекистон ва Россия муносабатлари тарихини ҳисобга олганда, Ўзбекистон бозорида россиялик ишлаб чиқарувчилар учун катта истиқболлар мавжуд.
Расмий статистик маълумотларга кўра, Ўзбекистоннинг шакарга бўлган йиллик эҳтиёжи 800 минг тоннани ташкил қилади ва ушбу ҳажм йилига ўртача 5% ўсиб бормоқда. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг сентябрь ойида шакар импорти учун 30 %ли бож ва акцизларни бекор қилганидан сўнг шакар импорти ҳажми кескин ошган эди.