ТОШКЕНТ, 22 фев – Sputnik. 20 февраль куни кечқурун Чилонзор тумани ички ишлар бўлими профилактика инспектори “Катта Хирмонтепа” маҳалласида жойлашган кўп қаватли уйда истиқомат қилувчилар фуқароларнинг шикоятлари бўйича воқеа жойига келади. Тошкент ИИББ хабарига асосан.
Хабарда айтилишича, ушбу уйда истиқомат қилувчи фуқаролар қўшни уйда қурилиш қилаётган ишчилар юзасидан шикоят қилган.
Ишчилар уй атрофи ҳудудини ифлослантириб, ўз вақтида қурилиш чиқиндиларни тозалашмаган.
Бундан аввал профилактика инспектори уй эгасининг қариндошлари бўлган ишчиларни Маъмурий жавобгарлик кодексининг 161-моддасида назарда тутилган тозалик ва санитария қоидаларига риоя қилиш ҳақида бир неча марта огоҳлантирган.
Бироқ, Сурхондарё вилоятида истиқомат қилувчи 32 ёшли Алишер Х. ва 26 ёшли Абдуллахон Х. профилактика инспекторига қаршилик кўрсатишган.
Ҳозирги вақтда улар қўлга олинган.
Ушбу ҳолат юзасидан Чилонзор тумани прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 219 моддаси 1-қисми (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) бўйича жинойи иш қўзғатилган.
Бу модда талабларига кўра, энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилгача озодликни чеклаш ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиш назарда тутилган.