ТОШКЕНТ, 14фев – Sputnik. "Job Cafe" мобил иловаси бир кунлик меҳнат бозорини тартибга солади, деб хабар қилмоқда Инновациялар вазирлиги.
“Мазкур лойиҳа бугунги кунда “мардикорлар” атамаси билан тилга олинадиган ижтимоий қатламнинг манфаатлари учун хизмат қилади. Ўз навбатида, бир марталик иш қидирувчилар хизматларидан фойдаланаётган фуқаролар ҳам нотаниш одамлар томондан амалга оширилиши мумкин бўлган ноқонуний ҳаракатлардан ҳимояланадилар”, - дейилган хабарда.
13 февраль куни Инновацион ривожланиш вазирлиги қошидаги Илғор технологиялар марказининг Тижоратлаштириш ва технологиялар трансфери бўлимининг етакчи мутахассиси Рустам Иброҳимов ўзи яратган “Job Cafe” мобил иловаси лойиҳасини тақдим этди.
– Мазкур илова мобил телефони орқали ишлайди, – деди Рустам Иброҳимов. – Унда кунлик иш қидираётган фуқаролар рўйхати шакллантириб борилади. Рўйхатлар иш қидирувчилар ҳамда ҳудудий агентлар, ягона дарча, сall centre операторлари ёрдамида тузилиши назарда тутилган бўлиб, кунлик иш қидираётган фуқаролар ҳақидаги маълумотлар шаффофлиги таъминланади. Бу ўз навбатида ҳам бир марталик иш берувчиларга, ҳам бир марталик иш қидирувчиларга ҳам қулайлик туғдиради.
Илова фақатгина бир марталик иш қидирувчиларни иш билан таъминлаб, бир марталик юмушини амалга ошириш учун иш кучи ёллаган фуқароларнинг талабларини қондириш билан чегараланиб қолмаслиги лойиҳа муаллифлари томонидан алоҳида таъкидланди. Лойиҳа иш қидирувчилар, дейлик, ҳар уч ойда бир маротаба шифокор кўригидан ўтишлари, ҳар бир иш қидирувчига алоҳида ID карта очилиши ёки QR код берилиши, уларнинг ижтимоий муҳофаза қилиниши каби масалаларни ҳал этишга қаратилган.
Лойиҳа бир марталик иш қидирувчиларнинг ҳуқуқлари бузилмаслигининг олди олишга, ҳақ-ҳуқуқлари муҳофаза қилинишига хизмат қилади. Хизматчиларнинг бир марталик шартнома билан хизмат кўрсатишлари ишчи ва иш берувчи ўртасида юзага келиши мумкин бўлган низоларни ҳал қилишга асос бўлади.
Бундан ташқари, ҳар бир ишчи/хизматчи учун меҳнат дафтарчасининг очилиши ва фуқароларнинг истагига кўра маълум миқдордаги маблағларнинг тегишли давлат идораларига ўтказилиши кейинчалик уларнинг пенсия таъминотига ижобий таъсир кўрсатишига замин яратади.
Илова муаллифи ҳозирда мавжуд бўлган ижтимоий тармоқлардаги иш қидириш гуруҳлари, турли сайтлардан фарқи , унинг айнан муайян малакага ва касбий кўникмаларга эга бўлмаган шахслар учун мўлжалланганлигини қайд этди.
Айни кунларда мобил иловани мукаммаллаштириш ва жорий этиш масаласи Инновацион ривожланиш вазирлигининг Жамият қурилишига инновацияларни жорий этиш бўлими билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда