ТОШКЕНТ, 11 янв — Sputnik. Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармаси "Хабар" ахборот-таҳлилий порталида "Мардикор аёл ноласи" сарлавҳаси остида эълон қилинган мақолага расман раддия берди, деб хабар қилди Sputnik Ўзбекистон мухбири.
Тошкент ИИББ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси бошлиғи подполковник Сайфуллаевнинг сўзларига кўра, раддия берилаётган мақолада мардикор аёлларнинг Ички ишлар ходимлари фаолиятидан шикояти баён этилган.
Хусусан, портал мухбирлари 2017 йилнинг 26 декабр куни Тошкент шаҳридаги Қўйлиқ деҳқон бозори яқинидаги Яшнобод тумани вақтинчалик ишларни ташкил этиш бюросига келишганида ёлланиб (кунбай) ишловчи фуқаролар асосан ички ишлар ходимларининг муомаласидан, қонунга зид ҳатти-ҳаракатлари устидан шикоят қилишган.
Сайфуллаев порталда эълон қилинган мақола бўйича Тошкент шаҳар ИИББ ўз хавфсизлик бўлими томонидан текширув ўтказилишини маълум қилди. Айни вақтда нашрнинг ушбу мақолани ёзишига асос бўлган видеоролик сўраб олингани айтилди.
"Иккита мп3 ёзувли, овозли шаклдаги файл беришди. Биринчи — 51 сониялик файлда, "Ички ишлар идоралари ходимларидан илтимос, биздан сигарет, "Кола", колбаса талаб қилмасаларингиз. Сизлардан илтимос, пул ҳам талаб қилади, "Панельний"га тушгандан кейин 1 миллион саккиз юз сўм уйимга жарима борган. Иложим йўқ, мен тўлай олмайман пулни. Яна уради, тепади, калтак ейишимиз шартми?", — деб ёзилган", — деди Сайфуллаев.
ИИББ ходими сўзларига кўра, ушбу ҳолат бўйича олиб борилган суриштирув давомида, юқоридаги сўзларни айтган шахс топилган, у 1991 йилда Сирдарё вилоятида туғилган фуқаро З. Мамадалиева эканлиги аниқланган ва у билан бевосита суҳбат ўтказилган.
Суҳбат давомида аёл "битта фуқаро келиб сўраганда, кимдандир эшитган маълумотларга таяниб шу маълумотни бергани" маълум бўлган. Мамадалиева бу ҳақда ёзма маълумот тақдим этган.
Тошкент ИИББ шу муносабат билан бу сингари маълумотларни чоп этишдан олдин текширишни, чунки бу каби ёлғон маълумотлар ИИВ тизими шаънига доғ туширадиган ҳолатлигини эслатиб ўтди.
Тошкент ИИББ ички ишлар органлари ходимлари томонидан куч ишлатиш, таъмагирлик ёхуд бошқа ноқонуний хатти-ҳаракатларга йўл қўйилаётгани сингари ҳолатларга дуч келган фуқаролардан "02" рақами ёхуд Ўзбекистон Республикаси ИИВ расмий сайтида кўрсатилган ишонч телефонларига қўнғироқ қилиб, маълум қилишни сўрайди.