ТОШКЕНТ, 7 фев – Sputnik. Бош прокуратура ҳузуридаги Инспекциянинг Хоразм вилоят бошқармаси томонидан ҳудуддаги 3 та пахта тозалаш корхоналарида уруғлик чигитларининг сифатли сақланиши юзасидан ўтказилган текшириш жараёнида қонунбузарлик ҳолатлари аниқланди.
Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар қилди.
Хабарда айтилишича, корхоналар омборларидаги 2018 йил мавсумидан ортиб қолган дориланган сара уруғлик чигитларнинг 158 тонна бўлган жами 539,8 млн сўмлик қисми сақлаш қоидаларига риоя қилинмаганлиги оқибатида зараркунандалар билан зарарланиб, экишга бутунлай яроқсиз бўлиб қолган ва бу билан давлат ва жамият манфаатларига кўп миқдорда зарар етказилган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан пахта тозалаш корхоналарининг мансабдор шахсларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.