ТОШКЕНТ, 31 янв – Sputnik. Бош прокуратура ҳузуридаги Инспекция органлари томонидан сув хўжалиги қурилишига оид қонунлар ва ҳукумат қарорлари ижроси юзасидан текширув ўтказилди.
Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар қилди.
Хабарда айтилишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Инспекция органлари томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ва сув хўжалиги қурилишига оид қонунлар ижроси доимий назорат қилиб келинмоқда.
Мазкур йўналишдаги текширишларда “Ўзсувқурилиштаъминот” республика бирлашмаси, “Давсувмахсуспудрат” ва бошқа сув хўжалиги корхоналарида далолатномаларга сохта ёзувлар киритиб, 4 миллиард 270 миллион 204 минг сўмлик мол-мулк ва маблағлар талон-торож қилиниб, 71 миллион сўмлик иш ҳақи ноқонуний тўланганлиги аниқланди.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.