ТОШКЕНТ, 5 фев - Sputnik. 29 январь куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан тайёрланган “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига қўшимча киритиш тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жамоатчилик муҳокамаси учун жойлаштирилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, мазкур лойиҳа билан ўз хизмат вазифасини бажариб турган тиббиёт ходимига бемор ва уларнинг яқин қариндошлари томонидан ғайриқонуний равишда тажовуз қилиниши ёки уларга тан жароҳати етказилишидан иборат қилмишларни Жиноят кодексининг безорилик учун жавобгарликни кўзда тутувчи 277-моддаси билан квалификация қилиш ҳамда ушбу ҳаракатларни оғирлаштирувчи ҳолат сифатида баҳолаш таклиф этилмоқда.
“Афсус билан айтиш керакки, бугунги кунда беморнинг ўлими ёки соғлиғи ҳолати ёмонлашишида бирор-бир айби бўлмаса-да, шифокорни айблаш ва унга ноқонуний тажовуз қилиш ҳолатлари кўпайиб кетмоқда. Охирги пайтларда бундай ғайриқонуний тажовуз акс этган тасвирлар турли ижтимоий тармоқларда учраши ҳолатлари кўпайиб қолди”, - дейилади хабарда.
Хабарда келтирилишича, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан киритилаётган лойиҳада Жиноят кодексининг безорилик учун жавобгарликни кўзда тутувчи 277-моддаси учинчи қисмига қўшимча банд (жиноятнинг ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариши муносабати билан шахсга ёки унинг яқин қариндошларига нисбатан содир этилиши) киритиш таклиф этилмоқда. Ушбу бандда назарда тутилган жиноятни содир этишда айбдор, деб топилганлар уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин бўлади.