ТОШКЕНТ, 23 янв - Sputnik, Дилшода Раҳматова. Тошкент педиатрия тиббиёт институти Нукус филиали қошида Санкт-Петербург давлат педиатрия тиббиёт университети қўшма халқаро факультети ташкил этилади. Бу борада ишлар аллақачон бошлаб юборилган, деди Халқаро Пресс Клубнинг соғлиқни сақлаш соҳаси тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар мавзусига бағишланган сессиясида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Дилшод Ахатов.
Ахатовнинг сўзларига кўра, 2019 йилда Ўзбекистон ва хориж давлатлар олийгоҳлари ҳамкорлигида 20дан зиёд лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган ва бу борада Соғлиқни сақлаш ҳамда олий таълим вазирлиги билан чора тадбирлар режаси тузилган.
"Бу йил режалар жуда катта. Биринчидан, Марказий осиё минтақасида Ўзбекистонни таълим хабига айлантиришни режалаштирганмиз. Шундан келиб чиқиб, хориждаги элчихоналаримиз ёрдамида Мурожаатномада президентимиз томонидан санаб ўтилган давлатлар: Россия Федерацияси, Жанубий Корея, Италия, Ҳиндистон, Туркия ва Германия давлатлари билан лойиҳаларни амалга оширишни бошладик. Лойиҳаларнинг аксарияти тиббиёт соҳасидаги таълим тизимини янада такомиллаштириш ва халқаро стандартларга етказишга қаратилган", - деди дипломат.
Ахатов шунингдек, Россия Федерацияси президенти Владимир Путиннинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида таълим форуми ўтказилгани ва унда 130та шартнома имзоланганини эслатди ҳамда ушбу келишувларнинг бир қисми, яъни 17та лойиҳа жорий йилда амалга оширилишини айтиб ўтди.
Ахатовнинг сўзларига кўра, 2019-2020 йилги ўқув йилида Тошкент педиатрия тиббиёт институти Нукус филиали қошида Санкт Петербург давлат педиатрия тиббиёт университети билан ҳамкорликда қўшма халқаро факультет ташкил этилади.
Шунингдек, Тошкент тиббиёт академияси Фарғона филиалида Оренбург тиббиёт университети билан ҳамкорликда "Стоматология иши", Сеченов номидаги 1-Москва давлат тиббиёт университети билан Тошкент давлат тиббиёт академияси ҳамкорлигида "Жамоат саломатлиги" йўналишида факультетлар очилади.
2019-2020 йилда Россиянинг энг нуфузли тиббиёт университети Тошкент тиббиёт академиясида Россиянинг Сеченов номидаги тиббиёт университети билан ҳамкорликда Соғлиқни сақлаш менежерини тайёрлаш бўйича магистратура қўшма дастури ташкил этилиб, академияда магистрларни тайёрлаш ишлари йўлга қўйилади.
Тошкент педиатрия тиббиёт институти ректори Ботир Даминовнинг айтишича, талабалар таълимнинг бир даврини Ўзбекистонда, сўнг учинчи ёки тўртинчи босқичдан бошлаб Россияда давом эттиришади ва ушбу халқаро факультетлар талабалари Ўзбекистон олийгоҳи ҳамда Россия олийгоҳи (халқаро) дипломини олишади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи Улуғбек Ташкенбаевга кўра, Россия Федерациясида айни пайтда 25 000 га яқин ўзбек ўқувчи-ёшлар таълим олмоқдалар ва ҳар йили улар сони ўртача 7500 га ошиб бормоқда.