ТОШКЕНТ, 24 янв - Sputnik, Дилшода Раҳматова. Ўзбекистон ҳукумати томонидан 1993 йил қабул қилинган Пенсия тўғрисидаги қонунга мувофиқ, пенсияга чиқиш учун талаб этиладиган йил стажи аёллар учун 20 йил, эркаклар учун 25 йил этиб белгиланган. Пенсия тизимини ислоҳ қилишга қаратилган янги концепцияда бу талаб бекор қилинмаган, деди Спутник мухбири билан суҳбатда Пенсия жамғармаси ижро этувчи аппарати бўлим бошлиғи Шухрат Ўтаганов.
"Собиқ Иттифоқда 1956 йил пенсия тўғрисидаги қонуни қабул қилинган бўлса, пенсия ёши ҳам, пенсияга чиқиш талаби ҳам ўша-ўша турибди. Янги ишлаб чиқилаётган концепцияда кўпчиликни қийнайдиган бир масала бор - пенсия ёшини ошириш. Ҳозирда бу ишни амалга ошириш учун хорижий давлатлар тажрибасини ўрганаяпмиз. Узоққа бормайлик, ўша 1956 йилда қабул қилинган қонун барча Ҳамдўстлик мамлакатларида амалда бўлган. Лекин собиқ иттифоқ парчалангач, яъни 1990 йилдан кейин ҳар битта давлат ўзининг пенсия тизимини қайтадан кўриб чиқди.
Собиқ иттифоқ давлатларида қўшни мамлакатлар - Қозоғистон ва Қирғизистонда пенсия ёши аёллар учун 58, эркаклар учун 63, фақат Туркманистонда 57 (аёллар) ва 62 (эркаклар) этиб ўзгартирилган. Ёки мисол учун ўтган йил Россияда ҳам пенсия ёши ислоҳ қилинди, оширилди. Давлат раҳбари даражасигача бу масала кўтарилди, лекин уларда бу қонун қабул қилинди. Ҳозир бу масала устида ўйлаяпмиз, бизга концепцияни 2020 йил январ ойигача тугатиш борасида президент томонидан топшириқ берилган. Биз бу масалани ўрганамиз, якуний концепция лойиҳасида пенсия ёшини оширамизми ёки босқичма-босқич оширамизми, бу масала албатта, кўриб чиқилади", - дея тушунтирди Ўтаганов.
Ўтаганов, концепциядаги иккинчи - фуқаролар эътиборини жалб қилиши мумкин масала ҳақида ҳам эсга олди. Бу талаб этилган стаж тушунчаси.
"Ҳозир бизни қонунчилигимизда пенсия тайинлаш учун камида 7 йил иш стажи бўлиши керак. Халқаро меҳнат ташкилотининг талаби бўйича пенсия тайинлаш учун 10 йилдан 15 йилгача минимал иш стажи бўлиши керак. Кўпгина ривожланган давлатларда бу кўрсаткич 15 йилдан ҳам ортиқни ташкил қилади. Фақат Ўзбекистонда бу минимал талаб собиқ иттифоқ давлатлари орасида энг кичик - яъни 7 йилни ташкил этади", - деди Пенсия жамғармаси вакили.
Таъкидланишича, ҳозирда бу талабни ҳам ошириш масаласи ўрганилмоқда. Эҳтимол бу ишни ҳам босқичма-босқич, яъни ҳар йили бир йилдан ошириш ёки айтайлик 2023 йилдан 10 йил қилиб белгилаш масаласини Концепциянинг охирги лойиҳасида акс эттирамиз, деди Ўтаганов.
2019 йил 1 январдан чет элда ишлаган даврлар меҳнат стажига киритилади >>>
Эслатиб ўтамиз, айни вақтда Ўзбекистонда пенсия ёши аёллар учун 55 ёш, эркаклар учун 60 ёшни ташкил этади. Бу МДҲ давлатлари орасида энг паст кўрсаткичдир.