ТОШКЕНТ, 9 янв – Sputnik. Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги президент қарори қабул қилинди.
Қарор билан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳамда туманлар (шаҳарлар) ҳудудларини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар штаби таркибига киритиладиган идора ва ташкилотларнинг намунавий рўйхати тасдиқланди.
Мазкур рўйхатга, ҳокимликлар, прокуратура, ички ишлар, солиқ, молия органлари ва бошқа бир қатор давлат идоралари киритилди.
Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа аҳволини ўрганишнинг янги механизмларини жорий этиш бўйича комиссияга бир қатор қўшимча вазифалар юкланди.
Хусусан, Комиссия секторларнинг “туман (шаҳар) – вилоят – республика” тамойили асосида уларга амалий ва услубий ёрдам кўрсатиш ҳамда фаолиятини назорат қилиш бўйича ҳокимликлар, прокуратура, ички ишлар ва солиқ органларида вертикал бошқарув тизимини жорий этади.
2019 йил 1 февралдан қуйидагилар жорий этилади:
- секторлар штабига киритилган идора ва ташкилотларнинг ҳар бир сектор бўйича масъул ходимлари сектор раҳбари билан келишилган ҳолда бириктирилади ва алмаштирилади;
- сектор раҳбари бошчилик қиладиган идорадан сектор штаби котиби сифатида алоҳида ходим бириктирилади;
- туманлар (шаҳарлар) секторлари раҳбарлари ҳафтада камида бир маротаба, ҳудудий сектор раҳбарлари эса ойда камида икки маротаба жойларга чиққан ҳолда қабуллар ўтказади.
2019 йил 1 апрелдан республика бўйича ягона электрон ахборот тизими жорий этилади.
Мазкур электрон тизимга уйма-уй юриш, ўтказилган суҳбатлар, келиб тушган мурожаатлар натижасида аниқланган муаммолар ва уларнинг ҳал этилганлиги тўғрисидаги маълумотлар ҳамда бошқа маълумотлар киритилади.
Барча секторлар раҳбарлари республика ахборот тизимига маълумотларнинг ўз вақтида ва тўлиқ киритиб борилиши учун шахсан масъулдир.
Қарорга мувофиқ, сектор раҳбарлари фаолиятини баҳолаш тизими жорий этилади ҳамда йил якунларига кўра юқори кўрсаткичларга эришган секторларни рағбатлантириш мақсадида “Энг намунали сектор”, “Энг ташаббускор сектор раҳбари”, “Энг фаол сектор штаби аъзоси” номинациялари бўйича республика танлови ўтказилади.
Бунда баҳолаш натижасига кўра, энг юқори кўрсаткичга эришган 2 нафар сектор раҳбари автотранспорт воситаси билан тақдирланади, секторлар фаолиятини намунали ташкил этган раҳбарлар ва унинг ишида фаол қатнашган бошқа штаб аъзолари қимматбаҳо совғалар билан мукофотланади.
Шу билан бирга, фаолияти самарасиз деб баҳоланган сектор раҳбарларига нисбатан эгаллаб турган лавозимидан озод этишгача бўлган интизомий жазо чоралари қўлланилади.