ТОШКЕНТ, 3 янв - Sputnik. Самарқанд шаҳрида яшовчи 9-синф ўқувчиси бобоси номидаги автомашинани олиб сўроқсиз миниб кетиб, авария содир этди, деб хабар қилди Ўзбекистон ИИВ матбуот-хизмати.
Ҳодиса 2 январь куни Самарқанд туманида содир бўлган. Ўрта мактабнинг 9-синф ўқувчиси Д.Х. ҳужжатларсиз бобосининг номида бўлган "Ласетти" русумли автомашинани миниб қочган. Зарафшон шох кўчасида ҳайдаб кетаётганида қарама-қарши йўналишга чиқиб кетиши оқибатида, қаршисидан ҳаракатланиб келаётган "Матиз" автомашинаси билан тўқнашув содир этган.
Натижада "Матиз" автомашинаси ҳайдовчисининг 3 ёшли ўғли жароҳат олиб воқеа жойида вафот этган ва ҳайдовчи ҳамда унинг турмуш ўртоғи ва 1 ёшли қизи жароҳат олиб касалхонага ётқизилганлар.
Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.