ТОШКЕНТ, 20 дек - Sputnik. Ўзбекистон халқ таълими вазирлиги қиш вақтида мактаб ўқувчилари(қизлар)нинг шим кийишига қарши эмас. Халқ таълими вазирлиги телеграмм каналида бу ҳақда хабар қилинмоқда.
2018 йил тасдиқланган "Давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларини замонавий ягона мактаб формаси билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига кўра, давлат умумий ўрта таълим муассасаларида ўқувчилар учун замонавий ягона мактаб формаси жорий этилган.
Мазкур қарор билан тасдиқланган "Давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари учун замонавий ягона мактаб формасини жорий этиш тартиби тўғрисидаги" низомнинг 8-бандига кўра, об-ҳаво шароитидан келиб чиқиб, ўқувчилар мактаб формасининг нимчасини ёки костюмини, кўйлакнинг енги узун ёки калта шаклини ихтиёрий равишда кийишлари мумкин.
Шунингдек, қишки ўқиш даврида ўқувчи қизларга ягона мактаб формасига мос (классик бичимдаги) шим кийишга рухсат берилади.
Эслатиб ўтамиз, 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб ўқувчиларнинг давлат умумий ўрта таълим муассасасига тасдиқланган шакллардаги мактаб формасида келишлари ихтиёрий, 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб эса мажбурий ҳисобланади.