ТОШКЕНТ, 11 дек - Sputnik. Қозоғистон ва Ўзбекистон 10 декабрдан бошлаб "Тошкент - Туркистон" йўналишида яна битта янги халқаро автобус қатновини йўлга қўйди, деб хабар қилди Туркистон вилояти акимати матбуот хизмати.
Мазкур қарор савдо-иқтисодий ва туристлик муносабатларини мустаҳкамлаш мақсадида қабул қилинган.
Мазкур халқаро автобус йўналишида Ўзбекистон томондан “Ўзавтотранс сервис” масъулияти чекланган жамияти ва Қозоғистон Республикаси томонидан “Бақдаулет Сервис” компанияси фаолият кўрсатади.
“Туркистон – Тошкент – Туркистон” халқаро автобус йўналиши масофаси 335 километр бўлиб, йўлга сарфланадиган вақт 6 соат 40 дақиқани ташкил этади.
Икки йўналишда ҳар куни иккита автобус ҳаракат қилади. Автобуслар Туркистондан (“Олтин Ўрда” автовокзалидан) – соат 07:00да, Тошкентдан эса (“Тошкент автовокзалидан) соат 08:00 да йўлга чиқади.
Техник танаффус – 30 дақиқа. Йўналиш бўйича йўл кира нархи тарифи Ўзбекистон пул бирлигида 50 минг сўм, Қозоғистон пул бирлигида 2 минг тенге этиб белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, охирги йил давомида Ўзбекистон ва қўшни мамлакатлар орасида ўндан ортиқ халқаро автобус қатновлари йўлга қўйилди. Улар орасида Чирчиқ-Олмаота, Тошкент-Хўжанд, Тошкент - Олмаота, Тошкент - Чимкент, Самарқанд - Панжакент, Андижон - Ўш, Тошкент - Нижний Новгород, Термиз - Душанбе, Фарғона - Хўжанд, Тошкент - Бишкек, Фарғона - Ўш, Тошкент - Иссиқ кўл ва бошқалар бор.