ТОШКЕНТ, 11 дек - Sputnik. Ўзбекистон Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда “Buyuk Kelajak” ННТ ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзолади. Меморандумни вазир ўринбосари Йўлбарсхон Мансуров ва “Buyuk Kelajak” ХННН ижрочи директори в.б. Зуҳра Азимова имзоладилар, деб хабар қилди вазирлик матубот хизмати.
Унга кўра қонун ва меъёрий ҳужжатларни тайёрлаш ва такомиллаштириш, жумладан, 2019–2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш стратегиясини амалга ошириш бўйича “Buyuk Kelajak” экспертларининг халқаро тажрибасидан фойдаланиш кўзда тутилган бўлиб, юртимизни Глобал инновацион индекси бўйича илғор 50 давлатлар қаторига киришини таъминлаш бош мақсад қилиб белгиланган”, - дейилган хабарда.
Шунингдек, меморандумда етакчи олий таълим муассасаларида узоқ муддатли пронозлар билан шуғулланадиган - Форсайт марказларини тузиш орқали инновацион фаолият ривожланишини прогнозлаштириш, шунингдек инновациялар, технологиялар трансфери, интеллектуал мулк объектларини бошқариш бўйича илмий семинарлар, маҳорат дарслари, хакатонлар, бизнес-тренинглар ташкил этиш назарда тутилган.
Эслатиб ўтамиз, “Buyuk Kelajak” экспертлар кенгаши халқ фаровонлигини ошириш ва барқарор иқтисодий ривожланишга эришиш йўлида амалий билимлар ва лойиҳаларни ишлаб чиқишда Ўзбекистоннинг интеллектуал имкониятларидан самарали фойдаланиш ниятида тузилган ташкилот.