ТОШКЕНТ, 10 дек - Sputnik. Ўқувчи алмашиш бўйича ташкил қилинган TechGirls лойиҳасига 1 декабрдан бошлаб аризалар қабул қилина бошланди, деб хабар қилмоқда АҚШ элчихонаси матбуот хизмати.
TechGirls - Марказий Осиё, Яқин Шарқ ва Шимолий Африка давлатлари учун ташкил қилинган халқаро ёзги лойиҳадир. Унда 15 ёшдан 17 ёшгача бўлган мактаб, лицей коллеж ўқувчи қизлари иштирок этишлари мумкин.
“Технологик компаниялар, етакчилик марказларини бориб кўриш, жамият ишларида қатнашиш имконияти, қисқа муддатли малака ошириш ва маданий тадбирларда иштирок этиш TechGirls лойиҳаси иштирокчилари тажрибасининг ажралмас қисми бўлади”, - дейилган хабарда.
TechGirls лойиҳаси ғолиблари интерактив технологик ва компьютер лагерида иштирок этиб, бир ой АҚШда бўлишади. Ушбу лойиҳа ахборот технологияси, лойиҳалаштириш ва киберхавфсизлик каби мавзуларни янада чуқурроқ ўрганиш имконини яратади.