ТОШКЕНТ, 29 ноя - Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган таркибдаги йиғилишида ёшларда ҳарбий-ватанпарварлик руҳини шакллантириш масаласига алоҳида эътибор қаратди, деб хабар қилди президент матбуот хизмати.
Ўзбекистон Республикаси раҳбари, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондонининг сўзларига кўра, жорий йилнинг 10 январида Хавфсизлик кенгашида қўйилган вазифалар босқичма-босқич амалга ошмоқда. Шавкат Мирзиёевнинг сўзларига кўра, Қуролли Кучларни ислоҳ қилиш ва ривожлантиришга қаратилган 46 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди.
Ўтган қисқа вақтда ҳарбий қисмларнинг тузилмалари тўлиқ янгиланди. Самарасиз ва вазифалари бўйича бир-бирини такрорлайдиган ҳарбий қисмлар қисқартирилди. Натижада қўшинларни сақлаб туришга кетадиган харажатлар камайди. Озиқ-овқат билан таъминлашда аутсорсинг тизими жорий этилди. Бу ҳарбий бўлинмалар жанговар тайёргарлигини ошириш, вақт кўрсаткичларини икки баробар қисқартириш имконини берди.
Президент раислигидаги йиғилишда Ўзбекистон ҳарбий қудратини янада мустаҳкамлаш, мудофаа саноати ва ҳарбий таълимни ривожлантириш, қурол-аслаҳа ва ҳарбий техникаларни модернизация қилиш, ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш орқали қўшинларни бошқарув тизими такомиллаштириш масалалари таҳлил қилинди.
Шавкат Мирзиёев Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган таркибдаги йиғилишида ёшларда ҳарбий-ватанпарварлик руҳини шакллантириш масаласига алоҳида эътибор қаратди.
“Мана, Амир Темур бобомиз билан ҳаммамиз фахрланамиз. Лекин, холисона айтайлик, улуғ Соҳибқироннинг “Тузуклар”ини қанча аскар ўқиган? Ёки буюк саркарда Жалолиддин Мангубердининг ҳаёти ва ҳарбий маҳорати ҳақида ҳамма ҳам етарли билимга эгами? Ваҳоланки, бу аждодларимизнинг ғалабалари, стратегия ва тактикаларини дунёдаги кўплаб ҳарбий мактаб ва академияларда бугун ҳам ўрганишади”, - деди президент.
Давлати раҳбари аскарлар ҳарбий қасамёд қилишдан олдин албатта Ўзбекистон тарихи ва “Темур тузуклари” фанидан синов топшириши кераклигини таъкидлади. Илғор ҳарбий қисмларга улуғ саркардаларнинг номини бериш, моҳир лашкарбошилар ҳақида илмий тадқиқотлар, бадиий китоблар, кинолар яратишга кўрсатма берди.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон тинчлиги ва хавфсизлигини ишончли таъминлаш билан бевосита боғлиқ бўлган ҳарбий таълим масаласига биринчи даражали эътибор қаратиш, мактаблардаги ҳарбий дарсларга шу ҳудудда хизмат қилаётган, юксак инсоний ва касбий хусусиятларга эга жанговар офицерларни жалб этиш, ўқувчиларни ҳарбий қисмларга олиб бориб, хизмат жараёнлари билан яқиндан таништириш бўйича топшириқлар берди.