ТОШКЕНТ, 24 ноя – Sputnik, Дилшода Раҳматова. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг икки йиллик президентлиги даврида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга чек қўйиш бўйича кўплаб ижобий ишлар амалга оширилди, деди Самарқандда ўтказилган Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форумида Sputnik Ўзбекистон мухбирига берган интервьюсида Халқаро меҳнат ташкилоти бош директорининг махсус маслаҳатчиси Кари Тапиола.
Тапиоланинг сўзларига кўра, бир неча йиллар давомида Ўзбекистонда пахта хосилини йиғиб олиш мавсумида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат муаммолари мавжуд бўлган. Ва бу борада Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) вакиллари маҳаллий ҳукумат вакиллари билан самарали ҳамкорликни амалга оширган.
"Форум ўтказилиши олдидан Тошкентда жорий йилда пахта хосилини йиғиб олиш натижалари муҳокамасига бағишланган доира суҳбати бўлиб ўтди. Халқаро меҳнат ташкилотининг мустақил мониторинги Ўзбекистонда болалар меҳнати - эндиликда муаммо эмас, деган хулосани эълон қилди", - деди ХМТ вакили.
Тапиола, шунингдек, мамлакатда мажбурий меҳнат борасида ҳам катта ижобий ўзгаришлар бўлаётганини қайд этиб ўтди.
"Айтишимиз мумкин-ки, Мирзиёев президентлиги даврида икки йил давомида жорий қилиб келинган дастурлар иш бермоқда ва биз бугун уларнинг натижасига гувоҳ бўлиб турибмиз", - деб таъкидлади суҳбатдош.
Тапиоланинг таъкидига кўра, ҳар йили 2,5-3 миллион киши банд бўладиган бутун бошли ёлланма меҳнат тизимини ўзгартира олиш - бу улкан иш. Ва бу тизимни ўзгартиришда - бандликнинг ҳар қандай тури иш шарт-шароитлари эркин хоҳиш истак-асосида белгиланадиган шартномага асосланишига эътибор қаратмоқ зарур.
Бу эса кўпроқ ахборот тарқатиш ва катта ўзгаришлар киритилишини талаб этади.
ХМТ вакили шу аснода, Ўзбекистон раҳбари томонидан киритилган қайта алоқа тизимига ижобий баҳо берди.
"Муаммо юзага келганида одамларга шикоят қилиш имконини берган, ўзига хос қайта алоқа тизими - аввалгидан кўра анча кўпроқ иш бераётганини кўрмоқдамиз. Биз беш йил давомида ҳукумат ва фуқаролик жамияти ўртасида конструктив мулоқот борлигига гувоҳ бўлган бўлсак, сўнгги икки йилда бу мулоқот янада самара бераётганига гувоҳ бўлдик. Икки йил давомида кўплаб ижобий ишлар амалга оширилди. Ва ХМТ бу ҳамкорликдан мамнун ва унга ҳурмат билан қарайди", - деди Тапиола.
Кари Тапиола интервью якунида инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми юқори даражада ўтказилганини, у ўзи учун кўплаб янги маълумотлар олганини ва бу унга маълум бир вазиятни янада яхшироқ тушунишга ёрдам берганини айтди.
Эслатиб ўтамиз, 22-23 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрида Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми ўтказилди. Йигирма беш давлат вакиллари иштирок этган йирик халқаро анжуман Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 70 йиллигига бағишланди.
Осиё форумининг асосий иш фаолияти инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича қитъадаги мавжуд механизмларни янада такомиллаштириш ва янгиларини таъсис этиш, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар ўртасида ўзаро ҳамкорликни таъминлаш юзасидан амалий тавсиялар ишлаб чиқишга қаратилди.
Халқаро анжуман иштирокчилари тўртта сессияда муайян мавзулар бўйича мулоқот олиб бордилар.
Осиё форуми якунида Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд декларациясини қабул қилинди. Ушбу якуний ҳужжат Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ва Барқарор ривожланиш мақсадларида белгиланган вазифаларни янада самарали бажариш истиқболларига бағишланган.