ТОШКЕНТ, 22 ноя – Sputnik, Дилшода Рахматова. Бугун Самарқандда Умумжаҳон Инсон ҳуқуқлари декларациясининг 70 йиллигига бағишланган форум бўлиб ўтмоқда. Форум бошланишида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг форум иштирокчиларига қилган мурожаатномаси ўқиб эшиттирилди.
Ҳужжатда айтилишига кўра, фақатгина одиллик ва ҳақиқат ёрдамида дунёда барқарор тинчлик ва хавфсизлик ўрнатиш мумкин.
“Тарих тажрибасига кўра, дунёнинг барча цивилизация, маданият ва дин марказлари инсонпарвар ғоялар таъсири остида яратилган”, - дейилган ҳужжатда.
Шарқда ҳам инсон ҳуқуқларига қадимдан катта эътибор берилган. Масалан, Бурҳониддин Марғилоний ўзининг 12 асрда ёзилган “Ҳидоят” илмий ишида ҳар бир кишининг ҳуқуқларини сақлаш кераклиги ҳақида айтиб ўтган. Ушбу ғоя бугунги кунда ҳам ўз муҳимлигини йўқотмаган ва ушбу форумнинг кун тартибида акс этган.
70 йил олдин қабул қилинган Умумжаҳон инсон ҳуқуқлари декларацяси бутун дунёда демократия ва инсонпарварлик қадриятларини тасдиқлаш учун янги имкониятлар яратди. Афсуски, биз бугунги кунга қадар ушбу эзгу мақсадга эришига халал бераётган баъзи мураккаб ва бир хил талқин қилиш мушкул бўлган ҳолатларга дуч келмоқдамиз.
Гап, авваломбор, Жануби-шаррқий Осиёдан Яқин Шарқ минтақасигача бўлган ҳудудда юз бераётган қуролли тўқнашувлар, инсоният орасида қарама-қаршиликнинг кучайиши, миллатлар, динлар орасидаги келишмовчиликлар ва бошқа глобал чақириқ ва хавфлар ҳақида бормоқда.
Биз ўз уйини ташлаб кетаётган мажбурий қочоқлар сони ошиб бораётгани, таълим ва тиббий ёрдамнинг етишмаслиги, одам савдоси, мажбурий меҳнат ва очгарчилик аёллар ва эркаклар ҳуқуқлари тенгсизлиги каби муаммоларга бефарқ қараб тура олмаймиз.
“Ишонамизки, аҳолиси 4,5 миллион киши бўлган Осиё ҳудудининг келажаги ҳар жиҳатдан БМТ 2030 йилга қадар кун тартибига қўйган масалаларини ўрганиш билан боғлиқ”, - дейилган хабарда.
Биз инсон ҳуқуқларини сақлаш, унинг қобилиятларини рўёбга чиқаришга ҳар томонлама ёрдам бериш йўлидан боришда давом этамиз, чунки тинчлик, фаровонлик ва барқарорлик айнан шуларга боғлиқ.
Мурожаатнома сўнггида Шавкат Мирзиёев “Самарқанд декларацияси”нинг қабул қилиниши халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилишига ишонч билдирган ва анжуман иштирокчилари томонидан таклиф қилинган таклиф ва ташаббуслар эса, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегия ишлаб чиқишда, албатта, ҳисобга олинишини айтиб ўтган.
Эслатиб ўтамиз, Самарқандда 22-24 ноябрь кунлари Умумжаҳон Инсон ҳуқуқлари декларациясининг 70 йиллигига бағишланган Осиё форуми бўлиб ўтмоқда. Унда 25 мамлакат вакиллари ҳамда Ўзбекистон Сенати Олий суди вакиллари иштирок этмоқда.