ТОШКЕНТ, 15 ноя – Sputnik. Меҳнат вазирлиги Андижон вилояти ҳокимининг ҳайрия ҳашарини уюштиришга доир ҳужжати юзасидан расмий муносабат билдирди.
Жорий йил 13 ноябрь ОАВ ва ижтимоий тармоқларда Андижон вилояти ҳокимининг жорий йил ноябрь ва декабрь ойларини вилоятда “маънавият ойи” деб эълон қилган қарори тарқалди.
Ҳокимнинг буйруғига асосан шу йилнинг ноябрь ойи иккинчи ўн кунлигида Андижон вилоятида хайрия ҳашарини ўтказиш режалаштирилмоқда.
Маълум қилинишича, ҳашар муносабати билан ҳудуддаги барча давлат ва нодавлат ташкилотлар ходимларининг бир кунлик маоши ихтиёрий асосда вилоят ҳокимиятининг махсус ҳисоб рақамига ўтказилади.
Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги маълум қилишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 10 майдаги “Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 349-сон қарорига мувофиқ, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан ҳашарлар қуйидаги шартларга қатъий риоя этилган ҳолда фақат ихтиёрий тарзда ташкил этилади ва ўтказилади.
Вазирлик таъкидлашича, умумхалқ ҳашарини ўтказиш тўғрисида фақат Ўзбекистон президентининг тегишли ҳужжати ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарори мавжуд бўлганда, унда иштирок этадиган шахслар меҳнат қиладиган тегишли ташкилот ҳудудида меҳнатни муҳофаза қилиш ва хавфсизлик нормаларига қатъий риоя этилган ҳолда ўтказилади.
Ҳашарлар доирасида барча бошқа турдаги жамоат ишлари, шу жумладан, қурилиш-таъмирлаш ва қишлоқ хўжалиги ишларига мажбурий жалб этишга қатъий йўл қўйилмаган ҳолда ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, иш ўринларини тартибга келтириш ишлари амалга оширилади.
Андижон вилояти ҳокимига 2018 йил 7 ноябрдаги буйруғини қонунчиликка мувофиқлаштириш тўғрисида Давлат меҳнат ҳуқуқ инспекциясининг кўрсатмаси юборилган.
Унда ҳашарни ўтказиш жараёнида Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 10 майдаги “Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 349-сон қарори ва амалдаги қонунчилик талабларига амал қилиш зарурлигини инобатга олиш кераклиги таъкидланган.
Шунингдек, Андижон вилояти ҳокимлиги ўн кун муддатда кўрилган чора-тадбирлар тўғрисидаги маълумотларни Давлат меҳнат ҳуқуқ инспекциясига тақдим этиши кераклиги қайд этилган.