ТОШКЕНТ, 8 ноя — Sputnik. Дональд Трампнинг иқтисодий ютуғи ортидан супердержаванинг қулаши юз бериши ва бу ҳолат Михаил Горбачёвнинг СССРни тарқалишига сабабчи бўлган омадсиз сиёсати тақдирини такрорлаши мумкин, деб ёзади Asia Times шарҳловчиси Ража Мерфи. РИА Новости хабарига асосан.
Журналист фикрига кўра, Трамп юритаётган иқтисодий сиёсат туфайли АҚШ дунёдаги етакчикни бой бериши мумкин. АҚШ президенти бошқа давлатларга, улар жуда осонликча воз кечадиган шартларни қўймоқда.
Мисол учун, қатор мамлакатлар АҚШнинг Эронга қарши киритган санкцияларига ёппасига қарши чиқдилар ва улар бу санкцияларни "бирёқлама ҳамда ноқонуний", деб топдилар. АҚШ Давлат департаменти бу мамлакатларга Эрондан нефт олишга рухсат берганлигини журналист "ўтиб кетаётган поездга яшил байроқ силкитиш" билан тенглаган.
Эҳтимол, Трамп, Қўшма Штатларга иқтисодий ўрадан чиқишга ва 21,6 триллион доллар миқдоридаги давлат қарзини ёпишга ёрдам ҳам берар, аммо бу "америка гегемониясининг ҳалокати"ни билдиради, деб таъкидлайди журналист.
Трамп "садақа" сиёсатидан воз кечмоқда, хусусан, НАТО бўйича иттифоқдошларининг хавфсизликка кўпроқ ҳаражат қилиш талабини рад этди, бошқа мамлакатларга бериладиган молиявий кўмакни ҳам кескин қисқартирди - 2016 йилда бу кўмак 50 миллиард доллар бўлган бўлса, 2017 йилга келиб 7,7 миллиардни ташкил этди.
Шунингдек, ўзини қаттиқ ҳурмат қиладиган мамлакатлар раҳбарлари АҚШ "мунофиқлигига" тоқат қилишмайди, деб ҳисоблайди журналист. Мисол учун, ядро қуроли учун санкциялар эълон қилиш масаласида. Ахир АҚШнинг ўзи дунёдаги энг йирик ядровий арсеналга эга. Ёки бу мамлакатлар "АҚШ сайловларига бўладиган тахминий аралашувлар атрофидаги жазава" устидан очиқчасига кулишлари мумкин, ахир Американинг бошқа мамлакатлар ишларига аралашувлари рўйхати жуда катта.
Шунингдек, Қўшма Штатларнинг иккиюзламачилиги ҳақида "сўзловчи" бошқа ҳолатлар ҳам эсга олиниши мумкин, хусусан, Лотин Америкаси мамлакатларида режимлар ўзгариши, "қонли диктаторлар"нинг қўллаб-қувватланиши ва Яқин Шарқдаги вазиятнинг издан чиқарилиши.
Охир-оқибат, иқтисодий жиҳатдан муваффақият қозонган Қўшма Штатлар, ўз ички муаммолари гирдобида қолади, деб таъкидлайди журналист. "Бизнинг даврдаги сўнгги империянинг якуни яқин. Аммо бу ўзгаришлар, Оқ Уйда ўзи хоҳламаган тарзда Горбачев-2га айланган киши туфайли, тенг ва адолатли дунё қуришга имкон беради", - деб ёзади Мерфи.