ТОШКЕНТ, 8 ноя - Sputnik. Еттинчи ноябрь куни Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрида бир гуруҳ босқинчилар қўлга олинди, улар орасида коллеж талабаси ҳам бўлган, деб хабар қилди Ўзбекистон ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси.
Хабарда айтилишича, Гулистон шаҳрида яшовчи фуқаро И.Ю.нинг уйига шу шаҳарда яшовчи уч эркак ва бир нафар коллеж талабаси юзларига ниқоб кийган ҳолда бостириб кирганлар. Босқинчилар уй эгасининг бошига ёғоч билан уриб, пул талаб қилган вақтларида жабрдийданинг турмуш ўртоғи шовқин кўтарган.
Натижада шу ҳудудда хизмат олиб бораётган вилоят ички ишлар органлари ходимлари воқеа жойига етиб келиб, 3 нафар босқинчини қўлга олган. Яна бир нафари, Ж.Б. воқеа жойидан қочиб кетган.
Тезкор қидирув натижалари туфайли у ҳам 8 ноябрь куни қўлга олинган. Уй эгаси тан жароҳати билан касалхонага ётқизилган.
Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.