ТОШКЕНТ, 14 май — Sputnik. Тошкент вилоятининг Бўка туманида номаълум шахслар юзларига ниқоб кийган ҳолда Ш.М.нинг уйига бостириб кирди, деб хабар қилди ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси матбуот-хизмати.
Хабарга кўра, босқинчилар Ш.Мнинг турмуш ўртоғи — Ж.М.ни пичоқ билан қўрқитиб, юзига қўллари билан уриб жароҳат етказганлар. Сўнгра уйидаги бор пуллари ҳамда кузатув камераси хотирасини олишган ва ҳовлидаги Ш.М.га тегишли "Нексия" русумли автомашинасига ўтириб, воқеа жойидан яширинганлар.
Олиб борилган қидирув ишлари натижасида автомашина Бўка тумани Ҳўжақўрғон маҳалласидан топилган.
Шунингдек кўрилган чоралар натижасида ушбу жиноятни Янгийўл туманида яшовчилар — Б.М., Б.Қ., А.А., М.Ж., Д.А., А.К. ва Ҳ.Х.лар содир этганликлари аниқланган. Босқинчилар қўлга олинган.