ТОШКЕНТ, 9 окт – Sputnik. Ўзбекистонда атом электр станцияси қуриш учун жой танлаш қандай амалга оширилган ҳақида Sputnik мухбирга Ядро физикаси институти директори ўринбосари Содиқов Илҳом Исмоилович сўзлаб берди.
"Атом электр станцияси учун жой танлашда биз, аввало, ўтган асрнинг 80 йилларда ўтказилган дастлабки изланишлар натижалари билан танишиб чиқдик ва 70та потенциал ҳудудни танлаб олдик.
Улар орасида инфратузилмаларга, электр узатиш линияларига, сув ҳавзаларига яқинлиги ҳамда сейсмик фаоллик ва бошқа кўрсатгичларига асосан 10 та асосий ҳудуд танланди.
Сўнгги босқичда биз Бухоро ва Навоий вилоятлари чегарасида Тўдакўл кўли яқинида жойлашган майдонни танлаб олдик.
АЭС қурилишида энг асосий талаблардан бири бу – сув манбаасининг яқин бўлишидир. Маълумки, АЭС фаолиятида катта миқдорда техник сув керак бўлади.
Тўдакўл кўли яқинидаги майдон, энг мос келадиган майдонлардан биридир. Чунки бу ерда техник ва ичимлик сув манбаалари бор. Ундан ташқари 500 киловольтли электр узатиш линиялари, автомобил ва темирйўл ҳам яқин жойлашган. Шунингдек, ушбу ҳудуд 8 баллик сейсмик фаоллик ҳудуди ҳисобланади. Бизнинг станция эса 9 балли сейсмик зонага мўлжалланган. Мисол учун, ана шундай станциялар Туркияда қурилган. Умуман олгандан ушбу ҳудуд Росатом талабларига тўлиқ жавоб беради", - деди Содиқов.
Илҳом Содиқов айтишига қаргандан атом электр станцияси қурилиши Ўзбекистон учун жуда муҳим аҳамиятга эга. Биринчидан бу – барқарор ва арзон электр энергияси манбаидир. Иккинчидан АЭС – инфратузилма, фан, маданият ва иқтисоднинг турли соҳаларини ривожлантиришга ёрдам беради.
Учинчидан эса – Ўзбекистонни АЭСга эга бўлган нуфузли мамлкатлар қаторига қўшади, - дейди олим.