ТОШКЕНТ, 5 окт - Sputnik. Тошкент вилояти ҳокимлиги Молия бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимида ишловчи Ж.Н. 5000 долларини олган вақтида ашёвий далил билан ушланди, деб хабар қилди ИИВ матбуот хизмати.
Хабарда айтилишича, шу йил 3 октябрь куни фуқаро А.С. Ички ишлар вазирлигига ариза билан мурожаат қилиб, унда ўзини Тошкент вилояти ҳокимлиги Молия бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари деб таништирган шахс унга тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун Бўстонлиқ туманидаги туризм учун ажратилган заҳира ерлардан 3 гектар ер майдони олиб беришга ваъда қилиб, эвазига олдиндан 5000 доллари миқдоридаги пулларни беришини талаб қилаётганлигини маълум қилди.
Шу куни ИИВ тезкор ходимлари томонидан ўтказилган тадбир давомида, Тошкент вилояти ҳокимлиги Молия бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимида ишловчи Ж.Н. Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманидаги Паркент кўчасида ариза муаллифидан 5000 доллари миқдоридаги пулларни олган вақтида ашёвий далил билан ушланди.
Ушбу ҳолат юзасидан ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти томонидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.