ТОШКЕНТ, 25 сен - Sputnik. Шавкат Мирзиёев 24 сентябрь куни Ўзбекистонга расмий ташриф билан келган Туркия Буюк миллат мажлиси раиси Бинали Йилдиримни қабул қилди, деб ёзмоқда президент матбуот хизмати.
Ўзбекистон президенти меҳмонни самимий қутлар экан, сиёсий ирода ва биргаликдаги саъй-ҳаракатлар туфайли Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги анъанавий яқин ва дўстона муносабатлар стратегик шериклик даражасига кўтарилганини таъкидлади.
Суҳбатда олий даражадаги учрашувлар якунида эришилган келишувлар ва қабул қилинган битимларни амалга ошириш, шунингдек, ҳамкорликка оид қўшма дастур ва лойиҳаларнинг парламентлар вакиллари томонидан фаол қўллаб-қувватланиши муҳимлиги қайд этилди.
Бинали Йилдирим Президентимиз Шавкат Мирзиёевга самимий қабул учун чуқур миннатдорлик билдирди ва Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг саломи ва эзгу тилакларини етказди.
Меҳмон Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни юксак баҳолаб, Туркия мамлакатимиз иқтисодиёти ва ижтимоий соҳасини модернизация қилишга қаратилган истиқболли лойиҳаларни амалга оширишга ҳар томонлама кўмаклашишга тайёр эканини таъкидлади.
Конструктив мулоқот давомида томонларнинг анъанавий дўстлик муносабатлари ва узоқ муддатли стратегик шерикликни янада мустаҳкамлашга интилиши қатъий экани қайд этилди.
Охирги йил давомида Ўзбекистон ва Туркия орасида муносабатлар изчил ривожланмоқда. Туркиянинг етакчи компаниялари ва банклари билан ҳамкорликда савдо, инновациялар, энергетика, инфратузилма, транспорт, туризм, тўқимачилик, озиқ-овқат саноати ва бошқа тармоқларда инвестиция дастурлари ва лойиҳалари амалга оширилмоқда.
2018 йил бошидан буён 230 дан ортиқ Ўзбекистон – Туркия қўшма корхонаси ташкил этилган. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми шу даврда 40 фоиздан зиёдга ошган.