ТОШКЕНТ, 20 сен – Sputnik. Европа Иттифоқи Осиё минтақаси билан алоқаларни янада кучайтиришга қаратилган стратегиянинг асосий ғояларини белгилаб берувчи Қўшма Баёнот қабул қилди, деб хабар қилмоқда Европа комиссиянинг матбуот хизмати.
Ушбу Қўшма Баёнот ЕИ давлатлари орасидаги ва қўшни давлатлар ва минтақалар билан алоқаларни мустаҳкамлаш тажрибасига асосланган бўлиб, у ЕИнинг Глобал Стратегиясининг бир қисмидир.
“Ўзаро алоқалар келажакка йўлдир. Биз қанчалик кўп ўзаро алоқа боғласак – умумий сиёсий ечимлар топиш ва фуқароларимизга иқтисодий фаровонлик келтиришда имкониятларимиз шунчалик кўп бўлади. Бизнинг ёндашувимиз Европа Иттифоқининг йўлидир: бу йўл барча соҳаларда умумий қоидаларни ҳурмат қилган ҳолда, барқарор ўзаро алоқалар учун мустаҳкам тармоқ яратишдан иборат”, - дейди Олий вакил Федерика Могерини янги стратегия ҳақида.
ЕИ Осиё қитъасидаги мамлакатларда иқтисод моделлари ва ривожланиш турли даражада эканини эътироф этган ҳолда, ҳамкорликни қуйидаги уч таянчга асосланган аниқ ҳаракатлар билан бирлаштиради:
- Транспорт алоқаси, энергия ва рақамлаштириш тармоқлари ва инсонлар ўртасидаги алоқаларни яратиш;
- Осиёдаги мамлакатлар ва ташкилотларга ўзаро алоқадорлик ҳамкорлигини таклиф этиш;
- Турли молиявий воситалардан фойдаланган ҳолда барқарор молиялашни рағбатлантириш.
Чегаралараро тармоқлар яратиш
Самарали инфратузилма ва алоқалар иқтисодий ўсиш ва иш ўринлари яратишга хизмат қилади, одамлар ва юкларни ҳаракатга келтиради.
ЕИ ўзининг тармоқларини транспорт, энергия тармоқлари, одамлар ўртасидаги алоқалар, рақамли дунё тармоқлари соҳаларида кенгайтириб, ўз ҳудудидан ташқарида худди шундай тармоқлар юзага келишига ҳисса қўшади.
ЕИнинг Транс-Европа-Транспорт тармоғи (TEN-T) Осиё қитъаси билан қўшни бўлган мамлакатларгача етиб бормоқда. Эндиликда ЕИ Транс-Европа-Транспорт тармоғини Осиёдаги тармоқлар билан боғлаши лозим.
Бу борада ЕИнинг Транспорт бўйича комиссари Виолета Булк шундай дейди: “Транспорт инфратузилмаси ЕИ-Осиё алоқаларининг қон томирлари бўлиб, рақамлашган ва заҳарли чиқиндиларга қарши кураш даврида қитъалараро одамлар ва юкларни ташийди. Европа дунёдаги энг яхши ривожланган транспорт тармоқларидан бири ва инфратузилмани молиялаш дастурларини ҳамкорлари билан баҳам кўрмоқда. Демак, ўзаро алоқаларларнинг аҳамияти катта!”
Рақамли дунё
ЕИнинг рақамли ягона бозори рақамли савдо хизматлари учун намуна бўла олади ва унинг Рақамли ривожланиш стратегияси (Digital4Development strategy) ижтимоий-иқтисодий ривожланишга хизмат қилади. Биз бозор муносабатларига асосланган ҳолда тоза энергиядан фойдаланишга ўтишга диққат қаратадиган минтақавий эркин энергия бозорларини яратиш тажрибамизни баҳам кўрамиз. Биз маориф, илмий изланишлар, инновация, маданият ва туризм соҳаларида инсонлар ўртасидаги ўзаро алмашувлар ва ҳаракатчанликни тарғиб қилишни давом эттирамиз.
Икки томонлама ва глобал алоқалар
Бизнинг дунёмиз товарлар, хизматлар ва одамларнинг текис ва хавфсиз оқими билан боғлиқ. Қоидаларга асосланган, одил ва шаффоф ички бозор тажрибасига эга Европа Иттифоқи барқарор алоқаларга бўлган худди шундай ёндашувни тарғиб этиш учун ўз ҳудудларидан ташқарида бўлган шериклари билан ҳамкорликка киришмоқда.
ЕИ икки томонлама алоқалар ҳамкорлигини олға суришда давом этади. Масалан, ЕИ-Хитой алоқалар платформаси ҳар икки томонга ўзаро синергия яратиш ва турлича қарашларни муҳокама этишга ёрдам беради.
Минтақавий даражада ЕИ турли минтақавий ташкилотлар ўртасида мустаҳкам алоқалар ўрнатиш ва интеграцияга ўз тажрибаларига асосланган ҳолда ҳисса қўша олади. Масалан, Болтиқ ва Қора денгиз, шунингдек, ASEAN ҳамда ASEM жараёнининг бир қисми сифатида.
Минтақалараро ҳамкорликни ривожлантиришга ҳисса қўшиш орқали Европа Иттифоқи ўзининг барқарор ва қоидаларга асосланган ўзаро алоқалар ўрнатиш моделини кенгайтиради. Ва ниҳоят, Жаҳон савдо ташкилоти, Халқаро энергия агентлиги, Халқаро денгиз агентлиги ва БМТ каби халқаро ташкилотлар Европа Иттифоқи барқарор ва одил глобал амалиётларни қўллаб келаётган ташкилотларга мисол бўлади. Европа Иттифоқи бу ҳаракатларини давом эттиради.
Инвестицияларни барқарор молиялашни тарғиб этиш
Осиё қитаъси йилига тахминан 1.3 триллион евро инфратузилма инвестициясига эҳтиёж сезиб турган бир пайтда ЕИ компаниялари учун қулай имкониятлар юзага келмоқда. Фақат бунинг учун мустаҳкам ҳуқуқий асослар зарур.
ЕИ халқаро молиявий ташкилотлар, кўптармоқли ривожланиш банклари ва хусусий сектордан келаётган молиявий манбаларни бирлаштиришга ҳаракат қилади. Бундан мақсад ўзаро алоқалар учун маҳаллий ва халқаро барқарор молиялаш ва айни пайтда шаффофлик ҳамда барчага бирдек шароит юзага келишини таъминлашдир.
Транспорт йўллари, энергия, инсонлар ва рақамли тармоқлар орқали янада яхши боғланган Европа ва Осиё жамиятлар ва минтақалар барқарорлигини таъминлаш, савдони ривожлантириш, қоидаларга асосланган халқаро тартибни рағбатлантириш, янада барқарор ва зарарли газлар кам чиқариладиган келажакни яратишга хизмат қилади.
Хулоса ўрнида
Мазкур Қўшма Баёнот ЕИнинг қўшни Тинч океанидаги ҳамкорлари билан ўзаро алоқаларни мустаҳкамлай бошлагани ҳақида хабар беради ва бу ҳаракатлар Европа ва ўзаро алоқаларга бизнинг ёндашувимизни қадрлайдиган мамлакатлар халқларига манфаат келтиради.
Қўшма Баёнотда билдирилган таклифлар энди Европа парламенти ва Кенгаши билан муҳокама қилинади ва ўзаро алоқаларнинг 18-19 октябрь кунлари бўладиган олий даражадаги Осиё-Европа Учрашувида (ASEM) ҳам муҳокама қилинишига ҳисса қўшади.