ТОШКЕНТ, 13 сен — Sputnik. “Ўзбекистон Республикасида меҳмонхона бизнесини жадал ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамасининг қарор лойиҳаси умумий муҳокамага қўйилди.
Ушбу қарор лойиҳаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан тайёрланган.
Қарор лойиҳасида айтилишича, мамлакатда туристлар оқимини янада кўпайтириш учун бир қатор тизимли муаммолар сақланиб қолмоқда. Улар ҳал этилса туризм инфратузилмасини янада ривожлантириш йўлида мавжуд тўсиқларни олиб ташлайди ва мамлакатга инвестиция жалб қилади.
Қарор лойиҳасида республика вилоятларининг туризм салоҳиятидан фойдаланиш самарадорлигини янада ошириш, меҳмонхона хизматларини кенгайтириш ва сифатини ошириш, меҳмонхона секторига инвестицияларни жалб қилиш мақсадида қатор вазифалар белгиланган.
Шунингдек, қарор лойиҳасида биринчи ва иккинчи босқичда, яъни 2018-2022 йилларда кичик меҳмонхоналар қуриладиган туман ва шаҳарлар рўйхати берилган.
Кичик меҳмонхоналарни қуриш учун ер участкаларини бериш тартиби тўғрисида низом ва чизмаси илова қилинган.
Шу билан бирга, қарор лойиҳасида кичик меҳмонхоналарни қуриш учун инвестор-тадбиркорларга амалий ёрдам кўрсатиш бўйича Республика ишчи гуруҳ таркибини тасдиқлаш назарда тутилган.
Ушбу ишчи гуруҳнинг асосий вазифалари санаб ўтилган:
- кичик меҳмонхоналарни қуриш учун ер участкаларини тақдим этиш масаласини тезкорлик билан келишиш ва тасдиқлаш;
- кичик меҳмонхоналарни қуриш учун ер участкаларини ажратиш билан боғлиқ ташкилий-техник масалаларини ҳал қилишда амалий ёрдам кўрсатиш борасида вазирлик, идора, давлат ҳокимияти органлари фаолиятини мувофиқлаштириб бориш, кичик меҳмонхоналарни қуриш бўйича инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, шунингдек, бюрократик ҳолатларни бартараф этиш бўйича тезкор чораларни амалга ошириш;
- кичик меҳмонхоналар қурилиши учун инвестицияларни жалб этилишини таъминлаш;
- кичик меҳмонхоналарни қуриш бўйича инвестиция таклифларини амалга ошириш билан боғлиқ барча масалалар бўйича тезкорлик билан ҳал қилиш;
- кичик меҳмонхоналарни қурилишини тизимли ва сифатли мониторинги амалга ошириш.
Қарор лойиҳаси 28 сентябргача муҳокама қилинади.