ТОШКЕНТ, 6 сен — Sputnik. Куни кеча янги ташкил этилган мазкур тиббиёт марказига Абдуфаррух Каримов директор этиб тайинланди, деб хабар қилди Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.
42 ёшли тиббиёт фанлари номзоди А.Каримов узоқ йиллар давомида Россия ва Америка Қўшма Штатларининг қатор нуфузли даволаш муассасалари ва клиникаларида нейрохирург сифатида фаолият кўрсатиш билан бирга, малака ошириб, илмий изланишлар олиб борган. Рус ва инглиз тилларини мукаммал ўзлаштирган.
А.Каримов бунга қадар Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт марказининг нейрохирургия бўлими бошлиғи лавозимида фаолият кўрсатиб келаётган эди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президентининг 30 августдаги қарорига мувофиқ Республика ихтисослаштирилган неврология ва инсульт илмий-амалий тиббиёт маркази ташкил қилинди.
Эндиликда марказ неврологик касалликлар профилактикаси, диагностикаси ва даволашнинг ягона вертикал тизимини яратиш, давлат тиббиёт ташкилотларининг неврология бўлимларини ташкилий-услубий бошқариш, экспериментал ва клиник неврология соҳасида замонавий технологиялар ёрдамида комплекс илмий-амалий тадқиқотларни ва неврологик касалликларни ўз вақтида аниқлашга доир изланишлар билан шуғулланади.