ТОШКЕНТ, 6 сен – Sputnik. Давлатга тегишли бўлган объектларни сотиш ва ижарага бериш тартиби жорий этилади. Ундан ташқари хусусийлаштирилган, лекин самарали фойдаланилмаётган объектлар мулкдорларига нисбатан кескин таъсир чоралари қўлланилади, ЎзА хабарига асосан.
Бу ҳақида Ўзбекистон президентининг 4 сентябрда қабул қилинган “Ишлаб чиқариш майдонларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида айтиб ўтилган.
Қарорда хусусан, шундай дейилган:
2018 йил 15 сентябрдан бошлаб шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:
а) давлат мулки бўлган фойдаланилмаётган объектлар ўрнатилган тартибда сотилади, давлат-хусусий шериклик асосида, шу жумладан, ижарага берилади;
б) фойдаланилмаётган объектлар мулкдорлари – юридик шахсларга қуйидаги таъсир чоралари қўлланилади:
- соддалаштирилган солиққа тортиш тартибидан солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни умумбелгиланган тартибда тўлашга ўтказиш;
- мол-мулк ва ер солиқларини икки карра миқдорда тўлаш, 6 ой ўтгандан сўнг – беш карра, 12 ой ўтгандан сўнг ва кейинчалик – ўрнатилган ставкага нисбатан ўн карра миқдорда тўлашга ўтказиш;
- қонунчиликка мувофиқ тақдим этилган солиқ имтиёзлари ва преференциялар амал қилишини тўхтатиш.
Қарорнинг тўлиқ матни билан қуйида танишишингиз мумкин.