ТОШКЕНТ, 30 авг - Sputnik. Брест вилояти(Беларусь) эркин иқтисодий зонаси "Жиззах" ЭИЗ билан ҳамкорлик ва тажриба алмашиб туриш борасида шартнома имзолади, деб хабар қилди Спутник мухбирига Жиззахда ўтказилган Халқаро инвестициявий форум доирасида Брест ЭИЗ маъмурияти бошлиғи ўринбосари, беларуслик инвестор Александр Шукайло.
Форумнинг асосий кириш қисмидан сўнг журналистлар билан суҳбатда бўлган Шукайло бундан бир ой олдин Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Солиев бошчилигидаги делегация Беларус республикасига ташриф буюрганини айтди.
"Биз ўшанда "Жиззах" эркин иқтисодий зонаси раҳбари билан ҳам танишдик. Ўзимизнинг ЭИЗимизда эришган ютуқларимиз ҳақида ҳамкасбларимизга гапириб бердик. Мана ҳозир, Ўзбекистонни томоша қилгани келдик", - деди Шукайло.
Брест ЭИЗ раҳбари ўринбосари шунингдек Ўзбекистон ҳақидаги таассуротлари билан ўртоқлашди.
"Ўзбекистон ҳақидаги илк тассуротларим жуда яхши. Бизга пойтахтингиз Тошкент жуда ёқди. Ажойиб шаҳар. Жиззах билан ҳали яхши танишишга улгурганимиз йўқ, аминманки, таассуротларимиз ижобий бўлади", - деди у.
Шукайлонинг таъкидлашича, бундан буёғига Беларус Республикаси Ўзбекистон билан ўзаро инвесторлар алмашишни йўлга қўйишни режалаштирган. Икки давлат вакиллари хорижий инвесторларга инвестиция киритишнинг янги йўлларини топишда кўмаклашишда яқиндан ҳамкорлик қилмоқчи.
Шукайло Ўзбекистонга грециялик инвесторни олиб келганини ва ҳамроҳида бизнесни ривожлантириш бўйича аниқ режалар борлигини маълум қилди.
"Лекин бу режалар инвестиция киритиш билан эмас, балки кўпроқ мева-сабзавотларни Беларус Республикасига етказиб бериш билан боғлиқ", - деди Шукайло.
Эслатиб ўтамиз, 2018 йилнинг 29-30 август кунлари Жиззахда Халқаро инвестицион форум бўлиб ўтмоқда. Вилоят тарихида илк маротаба ўтказилаётган ушбу тадбирдан мақсад Жиззахнинг инвестицион салоҳиятини намоён этиш ҳамда ишлаб чиқарувчиларнинг миллий кўргазмасини ташкил этишга қаратилган.
Жиззах инвестицион форумида Беларусь, Буюк Британия, Германия, Греция, БАА, Исроил, Ҳиндистон, Испания, Латвия, ХХР, Россия, Туркия, Сингапур, АҚШ, Жанубий Корея, Япония сингари 25 мамлакатдан 200 дан ортиқ иштирокчилар қатнашдилар.
Тадбир давлат инвестициялар қўмитаси ва Жиззах вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ўтказилди.
Ушбу бизнес-форумда хорижий ОАВлар вакиллари, шу жумладан, Sputnik Ўзбекистон мухбири ҳам иштирок этди.