ТОШКЕНТ, 27 авг - Sputnik. 2018-йилнинг 27-август куни Афғонистон президенти Муҳаммад Ашраф Ғани Қобул шаҳрида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов бошчилигидаги делегацияни қабул қилди, деб хабар берди Ўзбекистон ТИВ матбуот-хизмати.
"Вазир Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев номидан Афғонистон раҳбариятини дунё мусулмонларининг муҳим байрами - Қурбон ҳайити муносабати билан яна бир бор самимий табриклади ҳамда бутун биродар афғон халқига тинчлик ва фаровонлик тилакларини етказиб қўйди", - дейилади хабарда.
Бўлиб ўтган суҳбат чоғида, 2018-йил 27-март куни Афғонистон бўйича халқаро конференцияда қабул қилинган Тошкент декларациясининг асосий қоидалари амалга оширилишининг бориши, жумладан, Афғонистонда тинч сиёсий жараёнга кўмаклашиш бўйича ўзаро келишилган соралар муҳокама қилинган.
Учрашувда икки томонлама муносабатларнинг долзарб масалалари, аввло олий даражадаги мунтазам Ўзбекистон-Афғонистон музокаралари доирасида эришилган келишувларнинг бажарилиши кўриб чиқилган.
Хусусан, томонларнинг темир йўл ва энергетика соҳалари бўйича мутахассислари "Мозори-Шариф-Ҳирот" темир йўл линияси ҳамда "Сурхон - Пули-Хумри" электр узатиш линияси қурилиши лойиҳасини амалга ошириш билан боғлиқ баъзи муҳим масалаларни муҳокама қилдилар, деб таъкидланади хабарда.
Таъкидланишича, томонлар халқаро ва минтақавий кун тартибининг бошқа мавзуларини ҳам кўриб чиқишган.
Шу куннинг ўзида Ўзбекистон делегацияси Қобул шаҳрида Афғонистон президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Ҳамдулла Муҳиб, Ижроия ҳокимияти раҳбари Абдулла Абдулла ва Ташқи ишлар вазири ўринбосари Носир Андиша билан музокаралар ўтказганлиги айтилган.