ТОШКЕНТ, 23 авг – Sputnik. Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси (23 ёшгача бўлган футболчилар) Осиё Ўйинларида Гонконгни йирик ҳисобда ютиб, чорак финалга чиқди, деб хабар қилмоқда ЎФА.
Ўзбекистон олимпия терма жамоасининг Гонконгга қарши ўйини вакилларимизнинг устунлиги остида ўтди. 27-дақиқада Икром Алибоев узоқдан чиройли зарба йўллаб, ҳисобни очди. Биринчи бўлим охирига яқин Гонконг терма жамоаси аъзоси Пуи Хонг Ю Акром Комиловга нисбатан ишлатган қўполлиги учун қизил карточка билан жазоланди.
Иккинчи бўлимда бир киши кўп бўлиб ҳаракат қилган футболчиларимиз рақиб дарвозасини яна икки бор ишғол қилишди. 60-дақиқада Жавоҳир Сидиқов, 65-дақиқада Забиҳулло Ўринбоев Гонконг дарвозасига гол киритишди. Ҳар иккала голга Достон Ҳамдамов ассистентлик қилди.
Чорак финалда Ўзбекистон "Эрон - Жанубий Корея" ўйини ғолибига қарши майдонга тушади.
Эслатиб ўтамиз, бироз олдин Миллий терма жамоа янги тренери Эктор Купер ҳам Осиё ўйинларини диққат билан кузатиб бораётганини ҳамда ОТЖ таркибидан бир неча ўйинчини кейинчалик миллий терма жамоага таклиф қилмоқчи эканлигини хабар қилган эди.