ТОШКЕНТ, 21 авг - Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқини Қурбон ҳайити билан табриклади. Табрик матни президент расмий сайтида эълон қилинган.
Ўзбекистон президенти ўз табриги аввалида ушбу айёмнинг Ўзбекистон халқи маънавий ҳаётида олижаноб фазилатларни, бағрикенглик, мурувват, дўстлик ва ҳамжиҳатлик каби эзгу қадриятларни мустаҳкамлаш борасидаги ўрни ва аҳамияти беқиёслигини таъкидлаб ўтган.
"Дунёда муқаддас динимиз номидан турли ёвуз ҳаракатлар содир этишга уринишлар кучайиб бораётган бир пайтда, униб-ўсиб, ҳаётга ёруғ юз билан кириб келаётган ўғил-қизларимизга муқаддас динимизнинг инсонпарварлик моҳиятини тушунтириб бериш, уларни теран фикрлайдиган, шиддатли замон мезонлари асосида яшайдиган маърифатли, дунёқараши кенг, баркамол инсонлар этиб вояга етказиш тобора муҳим аҳамият касб этмоқда", - дейилади табрик матнида.
Президент шу жумладан Ўзбекистонда барча соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар бугунги кунда дунё ҳамжамияти томонидан тан олинаётганига урғу берган.
Хусусан, яқинда Вашингтон шаҳрида ўтказилган диний эркинликлар масалалари бўйича нуфузли халқаро форумда Ўзбекистонда виждон эркинлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар юқори баҳоланганини таъкидлаган.
Президент ўз табригида, Қурбон ҳайити муносабати билан эълон қилинган уч кунлик дам олиш халқнинг кайфиятини кўтариб, байрамга алоҳида файз ва шукуҳ бахш этганини таъкидлаган.