ТОШКЕНТ, 15 авг - Sputnik, Дилшода Раҳматова. Болалар ёзувчиси Эдуард Успенский узоқ давом этган касаллик туфайли 81 ёшида оламдан ўтди. Дунё ҳамжамиятининг машҳур вакиллари, шу жумладан, Россия президенти Владимир Путин ҳам Успенский вафоти муносабати билан ёзувчи оиласига чуқур ҳамдардлик билдиришди.
Ўзбек адабиётининг ёрқин вакили, 40 дан ортиқ детектив, мистика, саргузашт китоблар ва бир қанча эртаклар муаллифи Азамат Қоржовов Успенский вафоти муносабати билан у ҳақдаги хотиралари билан бўлишди.
"Икки асрнинг улуғ ёзувчиси, сценарийчи, драматург Эдуард Успенский ўзидан муҳим аҳмиятга молик адабий мерос қолдириб кетди. У одамзотнинг бир неча авлодини ўз асарлари билан тарбиялаб, уларнинг болалик онлари гўзал ўтишини, эзгуликка ошно бўлишини таъминлади. «Мен уларнинг болалик даврини китобга ошно қилишим шу шарт биланки, улар улғайгач, ўз болаларини китобга ошно қилишлари керак» деган ҳазиломуз гапида ҳам катта ҳикмат ётади", - дейди Қоржовов.
Ўзбек ёзувчисининг сўзларига кўра, Успенский болалар ёзувчиси ҳисобланса-да, унинг асарларида катталарни ҳам ўйлантириб қўядиган ғоялар кўп.
"У эркин фикрлашни, эркин яшашни тарғиб қилиб, инсониятнинг зомбилашишига қарши курашди. "Ватанни ҳимоя қилиш учун қасам ичиш керак, лекин ўлиш учун қасам ичишдан нима маъно?» деганида ҳам Успенский қарашлари мужассамдир. У қувноқ асарлар ёзишидан мақсади болаларни хурсанд қилиш орқали дунёқарашини кенг қилмоқчи экани яққол сезилиб туради. Эдуард Успенский рус эртакчилигини яна бир поғона кўтариб, унинг санъатнинг янги тури – мультфильм билан чамбарчас боғлиқликда ривожлантирди. Натижада катта шуҳрат қозониб, рус адабиёти ва рус мультфильм санъатини Япониядан тортиб, Швециягача бўлган ҳудудларда, қолаверса, бутун жаҳонда машҳур қилди".
Эдуард Успенский Ўзбекистонда ҳам машҳур эди, ўзбек болалари ҳам унинг эртаклари асосида ишланган мультфильмлардан завқланиб улғайди, деб таъкидлайди суҳбатдош.
"Тимсоҳ Гена, почтачи Печкин, Чебурашка, Шарик каби қаҳрамонлари ҳеч қачон унутилмайди. Яна бир хизмати шу деб ҳисоблайманки, Эдуард Успенский бугунги кунда Голливуд мультфильм саноати хуружига қарши тура оладиган даражадаги мульфильм қаҳрамонлари муаллифидир.
Америка мультфильм саноатининг Шарқ халқлари маданиятига мос келадиган ажойиб асарлари жуда кўп, шу билан бирга маънавиятимизга зид келадиган асарлари ҳам исталганча топилади. Эдуард Успенский қаҳрамонлари ўтмишда шаклланган эзгуликни бир авлоддан иккинчи авлодга ташиб, инсоният тарбиясидаги меъёрни сақлаб қолишга уринади. Эдуард Успенский табиатда ёвуз ҳисобланган ҳайвонларнинг мулойим образлари орқали болалар қалбида эзгулик гулларини очилтира олди. Бундай улуғ эртакчи ҳаётни тарк этса-да, адабий қаҳрамонлари ортида мангу жилмайиб, мангу сиймолигича қолади".
Азамат Қоржовов Успенский вафоти муносабати билан ёзувчи оиласига чуқур ҳамдардлик билдиради.