ТОШКЕНТ, 14 авг - Sputnik. 13 август куни кундузги, махсус сиртқи ва кечки таълим шакллари бўйича бакалавриатга кириш тест синовлари республиканинг 60 та олий таълим муассасалари ва уларнинг 19 та филиалларида олий таълим масканларига кириш тест синовлари якунланди, деб хабар қилди Фейсбукдаги саҳифасида Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов.
Тест синовларини адолатли ва шаффоф ўтишини таъминлаш мақсадида илк маротаба шахсни идентификациялаш қурилмалари ҳамда кузатув камералари ёрдамида катта сиғимли 57 та биноларда 2 сменада ўтказилди ва тест синовлари UzdigitalTV ва маҳаллий телеканаллар орқали ҳамда test2018.uz Интернет сайтида онлайн кўринишида тўғридан-тўғри ёритилди.
Абитуриентларнинг ота-оналари учун салқин жойларда жойлар ташкил қилинган ҳолда тест синовлари ўтадиган ҳудудда катта ҳажмли мониторлар ёрдамида тест жараёнлари онлайн кўринишда ёритиб борилди.
Бундан ташқари, Ички ишлар тизимидан 4 963 та шахсий таркиб ходимлари, 1206 та алоқа воситалари, 694 та металлодетекторлар, 289 та транспорт воситалари тест синовлари жараёни хавфсиз ўтишига жалб қилинди.
Кундузги, махсус сиртқи ҳамда кечки таълим шакли учун олий таълим муассасаларига абитуриентлар томонидан 679 979 та (2017 йилда – 729 947) аризалар тушди, танлов бир ўринга ўртача 8,2 нафарни (11,0) ташкил этди.
Тест синовларида иштирок этувчи абитуриентлар сони 622 030 нафарни ташкил этади. Шунинг билан бирга алоҳида иқтидор талаб қилинадиган таълим йўналишларига 55 812 нафар ҳужжат топширган ва имтиёзга эга бўлган абитуриентлар сони 2 137 нафар.
Тест синовларида қатнашганлар сони 604 677 нафарни ташкил этди. Тест синовларида 17 353 нафар абитуриент қатнашмади, жумладан 14 957 нафари келмади, 1 340 нафари ҳудудга киришда ҳамда 1 056 нафари тест жараёни пайтида қоидабузарлик содир этганлиги сабабли тестдан четлаштирилди.
Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасининг олий таълим муассасаларида тест синовларига пухта тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ташкил қилиш мақсадида 2018 йил 14-22 май кунлари ўтказилган профилактик тадбирлар муваффақиятли ўтказилганлиги сабабли ушбу ҳудудларда тест жараёни пайтида четлаштиришлар сони нисбатан кам бўлди.
Тест синовлари материаллари Давлат фельдъегерлик хизмати, "Ўзбекистон ҳаво йўллари" миллий авиакомпанияси, Ички ишлар вазирлиги ва бошқа ваколатли органлар томонидан, уларнинг махфийлиги ва дахлсизлиги таъминланиб, ҳар куни белгиланган муддатларда республиканинг барча ҳудудларига етказилди.
Тест синовларини ўтказишга таълим муассасаларидан тест синовлари ўтказиш тартиб-қоидалари ва технологияси бўйича махсус тайёргарликдан ўтган 5 285 нафар гуруҳ назоратчилари жал қилинди.
Тест синовлари ўтказилган 57 та бинода ёнғин ва хавфсизлик чоралари кўрилди. Барча биноларда тиббиёт ходимларининг навбатчилиги ҳамда тест синовлари ўтадиган ҳудудларда тез ёрдам машиналари ташкил этилди.
Ўтказилган тест синовлари натижалари куннинг эртасига Давлат тест марказининг dtm.uz сайтида эълон қилинди.
2018/2019 ўқув йилига кириш тест синовлари натижалари қуйидагича:
Таълим йўналишлари бўйича энг юқори ўтиш бали:
давлат гранти бўйича: 223,5 балл, "Юриспруденция" (рус) таълим йўналиши;
тўлов-контракт бўйича: 176,7 балл, "Юриспруденция" (ўзбек) таълим йўналиши.
Олий таълим муассасалари бўйича энг юқори ўтиш бали: давлат гранти бўйича: 223,5 балл, Тошкент давлат юридик университети; тўлов-контракт бўйича: 176,7 балл, Тошкент давлат юридик университети.
Республика бўйича ўртача ўтиш бали: давлат гранти бўйича: 123,0 балл; тўлов-контракт бўйича: 101,9 баллни ташкил этди.
Республика олий таълим муассасаларига кириш тест синовларида қўлланилган бу йилги тизим кейинги йилларда ҳам ҳар томонлама билимли, иқтидорли ёшларни олий таълим муассасаларига кириб таълим олишларида такомиллаштирилган ҳолда жорий этилади, деб хабар қилади Абдухакимов.